Жамият | 09:51 / 21.01.2016
6923
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистонликлар эски машиналар сотиб олиш учун 500 минг дан бир миллион тангагача солиқ тўлашларига тўғри келади

2016 йил 1 январдан Қозоғистонда автомобиль техникасини давлат рўйхатидан бирламчи ўтказиш учун тўловларнинг янги ставкалари ўрнатилди. Солиқ кодексига киритилган бу ўзгартиришлар қозоғистонликларни ҳайратлантирмоқда.

Аслида бундан эзгу мақсадлар кўзлангани айтилмоқда. Шу йўл билан Қозоғистонга хориждан эски автомобилларнинг кўплаб сонда кириб келишини тўхтатиш мақсад қилинган. Шунинг учун янги автомобиль учун тўлов бор-йўғи 0,25 минимал иш ҳақини ташкил қилса, ёши 3 йилдан кўпроқни ташкил қиладиган машинани рўйхатга олиш учун 500 минимал иш ҳақи, яъни бир миллион тангадан кўпроқ пул тўлашга тўғри келади.

Хусусий тадбиркорлар ва деҳқончилик хўжаликлари фойдаланадиган тижорий атотехникани сотиб олиш учун эса умуман “осмонўпар” нархлар тўлашга тўғри келади: ёши 1 йилдан 3 йилгача бўлган бундай тоифадаги транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилишига 240 минимал иш ҳақи, 3 йилдан 5 йилгача бўлганига 500 минимал иш ҳақи ва 5 йилдан каттароқ бўлганига 2500 минимал иш ҳақи миқдорида солиқ тўланади.

Бу ҳолатнинг трагикомиклигини кўрсатиш учун шуни мисол қилиб келтириш мумкинки, мисол учун, нархи 100 минг доллардан кўпроқни ташкил қиладиган бир ёшга тўлган Range Rover машинаси унинг шундоқ ҳам ўзига тўқ эгасига бор-йўғи 50 минимал иш ҳақи ёки 106 050 тангага айланса, деҳқон ўзининг маҳсулотини ташиш учун 7 минг долларлик одмигина “УАЗ” машинасини рўйхатдан ўтказиши учун давлатга 240 минимал иш ҳақи ёки 509040 танга миқдорида солиқ тўлаши керак бўлади.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар яна бир чалкашликка эгалиги айтилмоқда.
Янги қонунга кўра, минимал тўлов (0,25 минимал иш ҳақи) ёши бир йилга тўлмаган, ишлаб чиқарилган йили ҳам ҳисобга олинган машиналарга тўланади. Кейинги ставкалардаги тўловлар (25, 50 ёки 240 минимал иш ҳақи) ёши 1 йилдан 3 йилгача бўлган машиналарга тўланади.

Шу тариқа, қонунда “ишлаб чиқарилган йили ҳам ҳисобга олинган ҳолда” матнининг том маънода талқин қилинишига кўра, 2015 йил 25 декабрида ишлаб чиқарилган машина давлат рўйхатидан ўтаётганда бор-йўғи бир ойлик машина сифатида эмас, балки икки ёшга тўлган машина сифатида талқин қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилаётганда юқори ставка бўйича солиққа солинади.

Бир ҳафта кейин, яъни 2016 йил январида ишлаб чиқарилган ва дарҳол ҳисобга қўйилган машина эса бир йил давомида янгидек ҳисобланади. Кўпчилик автомобиль эгалари қонуннинг бу номукаммаллигини ўзларининг чўнтакларида ҳис қилишга улгурдилар.

“Одамлар, 2015 йилда ишлаб чиқарилган машиналарни сотиб олманг, 2016 йилни кутиб туринг. Шунда сиз у учун 240 минимал иш ҳақи эмас, балки арзимаган тийинлар тўлайсиз. 2015 йилда ишлаб чиқарилган машиналарни эса сотувчилар билан ҳукумат ҳал қилсин. Агар тўловларнинг камайтирилишига келиша олмасалар, унда бунинг бошқа йўлини топсинлар. Асосийси, сиз ортиқча пул тўламаймиз”, деб айтмоқда фойдаланувчилардан бири Facebook’даги аккаунтида.

Бироқ бу фойдаланувчи 2016 йилдаги автомобиллар учун юқоридаги каби миқдорда утилизацион тўловни тўлаш кераклигини эслатиб ўтмаган.