Россия Марказий банкига рубль курсини бир долларга 40 рубль даражасида ўрнатиш таклиф қилинди
Россия Федерация кенгашида Марказий банк доллар ва бошқа захира валюталарига нисбатан қатъий курс ўрнатиши керак, деб ҳисоблашмоқда. Бундай фикрни Федерация кенгашининг иқтисодий сиёсат бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Сергей Калашников РИА “Новости” ахборот агентлигига айтди.
Сенаторнинг айтишича, рублнинг фиксирланган курси ўрнатиладиган бўлса, мамлакатда муқаррар равишда валюта қора бозори вужудга келади, бироқ бу Россия иқтисодиёти учун асосий муаммо эмас.
Калашниковнинг фикрича, рублнинг ҳозирги курси жаҳон молиявий жараёнлари ёки нефть бозоридаги нарх-навога ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки банкларнинг олибсотарлик ўйини оқибати ҳисобланади.
Сенатор агар у айтган чоралар кўрилмаса, долларнинг рублга нисбатан курси муқаррар ўсишда давом этаверишини айтмоқда.