АҚШ бошчилигидаги коалиция Сурия ва Ироқда қуруқликдаги операцияларга киришишни тезлаштиради
Пентагон раҳбари Эштон Картер Яқин Шарқ ҳудудида ИШИДга қарши курашаётган халқаро коалиция кучлари Мосул ва Раққани имкон қадар тез вақт ичида жангарилар қўлидан озод қилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар берган.
Унинг сўзларига кўра, бу мақсад "қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар"га киришиш орқали амалга оширилади.
"Биз бу икки жойдаги ИШИД жангариларини бутунлай йўқ қилишимиз керак. Мен бу иш имкон қадар тез фурсат ичида рўй бериши тарафдориман", деган Картер.
Politico нашрида ёзилишича, Картер Ироқда ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатларга АҚШнинг 101 ҳаво-десант дивизияси ҳаракатлана бошлашини маълум қилган. Бу дивизия ҳарбийлари вертолётлар ёрдамида ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун ихтисослашган.
Картер коалициянинг бошқа вакилларини ҳам ИШИДга қарши курашдаги ҳаракатларини фаоллаштиришга чақирган.
Айни пайтда АҚШнинг Ироқдаги контингентини 3000 га яқин аскар ва офицерлар ташкил қилса, Сурияда АҚШ махсус бўлинмаларидан бор-йўғи 50 киши бор.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ИШИДнинг Суриядаги марраларига 2014 йил сентябридан бери авиазарбалар бериб келмоқда. Вашингтон ўшанда мазкур ҳарбий амалиётлар ҳаво ҳужумлари билан чекланиши тўғрисида баёнот берганди.