Ўзбекистон 2018 йилгача Осиё ривожланиш банкининг 1,9 млрд долларлик кредитини жалб қилмоқчи
Ўзбекистон ҳукумати 2016-2018 йилларда Осиё ривожланиш банкининг 1,89 млрд долларлик кредит маблағларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 22 январда ОРБ сайтида чоп этилган маълумотлар дарак бермоқда.
Ўзбекистон яқин уч йил ичида ОРБ кўмагида энергетика тармоғини ривожлантириш, транспорт алоқаси, хусусий тадбиркорлик ва таълим соҳалари, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган умумий қиймати 5 млрд долларга яқин 22 та инвестицион лойиҳани амалга оширмоқчи.
Кредитнинг 605 млн долларлик асосий қисми Марказий Осиё транспорт коридорининг бир қисми ҳисобланадиган миллий автомагистрални қуришга жалб қилинмоқчи. Энергетика соҳасини ривожлантириш учун ажратиладиган 490 млн доллар иссиқлик электростанцияларини модернизациялаш, қуёш станцияларини қуриш, гидроэнергетика ва тармоқ инфратузилмасини модернизациялашга йўналтирилади. Мелиорация ва сув билан таъминлаш соҳасига 340 млн долларлик кредит йўналтирилади.
Ўзбекистон 1995 йилдан ОРБ аъзоси ҳисобланади ва бугунги кунда Марказий Осиёда бу банкдан энг кўп кредит олувчи давлат ҳисобланади. ОРБ 1995 йилдан бери Ўзбекистонга таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва энергетика тармоғини модернизациялаш бўйича 54 та лойиҳани амалга ошириш учун 5 млрд доллардан кўпроқ маблағ тақдим қилган.