Ўзбекистон енгил саноатида 2015 йилда 33 та янги корхона ишга туширилди
Ўзбекистон енгил саноатига 2015 йил натижаларига кўра 187,3 млн долларлик инвестиция жалб қилинди, деб хабар берди Sputnik нашрига “Ўзбекенгилсаноат” АЖдаги манба.
2014 йилга нисбатан бу кўрсаткич 2,7 фоизга ўсди.
“Ўзбекенгилсаноат” вакилининг айтишича, 2015 йилда енгил саноат тармоғида 33 та янги корхона ишга туширилди ва 12 мингдан кўпроқ иш ўрни яратилди. Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллигига экспорт салоҳияти 43,1 млн долларни ташкил қилувчи, умумий қиймати 99 млн долларлик 18 та янги саноат корхонаси фойдаланишга топширилди. Конституциянинг 23 йиллигига эса “Ўзбекенгилсаноат” бир нечта инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилишини якунлади, улар доирасида учта тўқимачилик корхонаси ишга туширилди.
Айни вақтда “Ўзбекенгилсаноат” таркибида 312 та саноат корхонаси фаолият юритади, улардан 225 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.