Ўзбекистон | 12:08 / 22.01.2016
16096
2 дақиқада ўқилади

Сейсмологлар минтақадаги ер ости силкинишлари Чорвоқ cув омборига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида айтишди

Сейсмология институти минтақавий сейсмиклилик ва сейсмик туманлаштириш лабораторияси мудири, профессор Турдиали Ортиқов ва етакчи илмий ходим, физика-математика фанлари номзоди Роман Иброҳимовлар Uz24 нашрига берган интервьюсида Марказий Осиёдаги сейсмик фаолликка изоҳ бериб, бунинг Ўзбекистонга қандай таҳдид солиши мумкинлиги юзасидан фикр билдирдилар.

Чорвоқдаги сув омборига кучли зилзилалар қандай таъсир ўтказиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Роман Иброҳимов унинг камида 8 баллик силкинишларга дош бера олишини таъкидлаб ўтди.

“Сейсмик туманлаштириш харитасида Тошкент ва Чорвоқ сув омбори косаси 8 балли зонададир, - деди мутахассис. – Бу дегани, бу ерда 8 баллдан ортиқ ер қимирлаши бўлмайди. Айнан шу нарса инобатга олинган ҳолда мазкур гидротехник иншоот қурилган”.

“Чорвоқ сув омбори ярим асрдан ортиқ вақтдан буён турибди ва ҳар бир зилзила, аксинча, унинг тупроғини зичлаштиради, у мустаҳкамроқ бўлади, фақатгина сув фильтрация ошмаслиги шарти билан”, - қўшимча қилди Турдиали Ортиқов.