АҚШда қор бўронлари туфайли 6 мингдан ортиқ авиарейслар бекор қилинди
АҚШнинг шарқий соҳилларида кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинган авиарейслар сони 6 мингдан ошди.
Синоптикларнинг маълум қилишича, Шимолий Каролина, Нью-Йорк, Пенсильвания ва Вашингтон штатларида кучли қор бўронлари юз бериши хавфи сақланиб қолмоқда. Филадельфия, Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар номаълум муддатга чекланиши кутилмоқда.
Ҳудуддаги ўнлаб аэропортларда 23 январга белгиланган парвозлар қолдирилиши давом этмоқда. Бу чоралар асосан United Airlines, American Airlines, Southwest Airlines ва Delta каби авиаташувчиларга тегишли бўлмоқда.
Бундан олдинроқ, АҚШ Миллий метеорология хизмати кейинги 100 йил ичида энг кенг кўламлиси бўлиши кутилаётган қорбўронлари оқибатида 1 миллиард доллар миқдорида иқтисодий зарар кўрилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.