Жаҳон | 21:15 / 23.01.2016
6747
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Россия санкцияларига тушган турк бизнесини қабул қилишга ваъда берди

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Олег Панкратов Россия санкцияларига тушган турк бизнесини қабул қилишга ваъда берди.

Панкратовнинг айтишича, Россия турк компанияларига нисбатан санкция киритгани сабабли уларнинг Россия бозорига чиқиши мушкуллашган ва Қирғизистон бу бўшлиқни тўлдириши мумкин. “Биз ўзимизда ишлаб чиқаришни жойлаштиришимиз мумкин. Бундан ташқари, турк бизнеси Россия қурилиш секторида фаол қатнашган. Бизнинг қурилиш компанияларимиз турк компаниялари ўрнига Россия бозорига кириш истагига эга”, деб айтди Панкратов.

Панкратовнинг айтишича, турк инвесторлари Қирғизистонга аллақачон қиришмоқда ва яқин ярим йил ичида матолар ишлаб чиқарувчи фабрикани ишга туширадилар. “Бу турк компанияси Ўзбекистонда анчадан бери ишлайди, у ерда давлат уларга бепул ер ва бир қатор имтиёзлар берган. Бу инвестор бизга келишга қарор қилди, чунки биз кўпроқ истеъмолчилик бозорига эгамиз. Энди турк компанияси Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотни бож тўловисиз Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларига етказади”, деб таъкидламоқда Панкратов.