Жаҳон | 22:51 / 23.01.2016
7529
2 дақиқада ўқилади

Times: Россия ва АҚШ Суриянинг шимоли-шарқида бир вақтда базалар яратмоқда

Times нашрининг хабар беришича, “Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 200 нафар россиялик мутахассис Асад тузуми назоратида бўлган ҳудуддаги Қамишли авиабазасида учиш-қўниш полосасини мустаҳкамлаш бўйича ишларни бошлашганидан хавотирланмоқда”.

Бу ҳудуд Туркиядан бор-йўғи бир неча мил узоқликда бўлиб, Туркия бу ҳудудни ўзининг таъсир доирасида жойлашган деб ҳисоблайди. Нашрнинг маълумотларига кўра, Туркия Сурия билан чегарасига қўшимча қўшинларни юбормоқда, ҳарбийлар у ерда окоплар қазишмоқда.

Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Вашингтон ҳозирча Москва аэродромни ўзининг янги базасига айлантирмоқчи бўлаётганининг аломатларини кўрмаяпти, АҚШга ҳозирча “Россиянинг режалари номаълум”, бироқ “россиялик ҳарбийлар у ерда нима қилаётганини жуда билгиси келмоқда”.

Россия Мудофаа вазирлиги бу ахборотларга ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ ҳам Сурия ҳудудида ўзининг биринчи авиабазасини Ироқ ва Туркия чегараларидан бор-йўғи бир неча километр узоқликдаги ҳудудда яратмоқда.

Бундан аввалроқ Fox News‘нинг россиялик ҳарбийлар Қамишли авиабазасида борлиги ҳақидаги ахбороти Financial Times нашрининг Путин гўёки Асадга истеъфога кетишни таклиф қилгани ҳақидаги ахбороти билан деярли бир вақтда пайдо бўлган.
ОАВларнинг бу ҳақда Женевада бўлиб ўтиши керак бўлган Сурия бўйича музокаралар арафасида ёзаётгани ҳам ўзига эътиборни тортади.

23 январда АҚШ Давлат котиби Жон Керри Женевадаги музокараларнинг ўтказилиши санаси ҳозирча белгиланмагани, бироқ улар агар истак бўлса бир неча кун ичида ўтказилиши мумкинлигини айтди.

Бу орада АҚШ вице-президенти Жо Байден Туркияга сафари давомида “Суриядаги ихтилоф сиёсий йўл билан ҳал қилинмаса, АҚШ уни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга тайёрлигини” айтиб ўтган. Москвада бундай гаплар “бузғунчи характерга эгалигини” таъкидлашмоқда.