Қаршида судхўр аёл ўғли билан бирга ўлдириб кетилди
Қарши шаҳар суди фуқаро Шоҳиста Исмоилова ҳамда ўғли Ҳумоюннинг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ жиноий иш юзасидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзмоқда.
Айтилишича, Шоҳиста Исмоилова шаҳардаги Ерқўрғон бозорида савдо қилиш баробарида узоқ йиллардан буён судхўрлик қилиб ҳам келган. Топилган пулларга ҳовлисидан уч қаватли данғиллама бино қурган.
Бир куни қаршилик Ислом Ҳамидов аёлдан 100 доллар устига қўшиб бериш шарти билан 10 кунга 3 млн сўм қарз олган, гаров тариқасида BMW 520 машинасини ташлаб кетган. Аммо пулларни келтирганида Исмоилова “кечикдинг, яна 1 млн сўм қўшиб бермасанг, бошингга хотинларнинг ички кийимини кийдираман” қабилида шаллақилик қилган. Эркак пулни олиб келиб берган, аммо дилида алами қолиб кетган.
Ислом Ҳамидов укаси Ойбек билан келишган ҳолда судхўрнинг уйига тунда бостириб кириб, уни ва ўғлини қатл қилган.
Суд қарори билан жиноятчилар узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинди.