Boeing-787 Dreamliner самолётларининг Uzbekistan Airways`га етказилиш муддати маълум қилинди
Икки дона Boeing-787 Dreamliner самолёти Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясига қачон етказилиши маълум қилинди, дея хабар бермоқда Sputnik агентлиги.
Boeing самолётлари 2016 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга етказилади. Ҳозирча миллий авиакомпания «Орзу лайнерлари” етиб келадиган санани аниқ ошкор қилгани йўқ. Битта Dreamliner`нинг катологдаги баҳоси эса модификациясига боғлиқ равишда 150-180 миллион долларни ташкил этади.
“Янги самолётдан узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда фойдаланилади ва Ташкент — Нью-Йорк йўналиши бўйлаб қўнишсиз парвозларни амалга оширишга имкон беради”, - дея қайд этди агентлик ахборот манбаси.
Бундан ташқари, Тошкентда яқин вақтлар ичида Boeing 787 Dreamliner сингари композит материалларидан таркиб топган самолётлар эҳтиёт қисмларини таъмирлаш бўйича МДҲда ягона бўлган марказни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Айни пайтда миллий авиакомпаниянинг техник гуруҳ мутахассислари АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Boeing-787 Dreamliner дастури бўйича қайта ўқитишга жалб қилинган. Шунингдек, “Тошкент” аэропортида “Орзу лайнерлари” учун учта махсус турар жойи белгиланиб, жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Америка корпорацияси билан икки дона Boeing-787-800 Dreamliner ва захира двигателини сотиб олиш бўйича 2008 йилда шартнома имзолаган эди.