Жаҳон | 11:50 / 25.01.2016
4505
1 дақиқада ўқилади

Грециянинг олтита ороли аҳолисини Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатиш таклиф қилинмоқда

The Guardian журналининг маълум қилишича, Грециянинг қочқинларга ёрдам кўрсатган бир қатор ороллари аҳолиси Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилади. Гап Лесбос, Кос, Хиос, Самос, Родос ва Лерос оролларининг аҳолиси ҳақида кетмоқда.

Юқорида тилга олинган ороллар аҳолиси 900 мингдан ортиқ қочқинларни кутиб олиб, бир йил давомида уларга баҳоли қудрат ёрдам кўрсатган. Балиқчилар ўз ишини ташлаб, қочқинларга ёрдам бериш билан шуғулланиб келган.

Ороллар аҳолисини Нобелга номзод қилиб кўрсатиш ташаббуси Гарвард, Пристон, Корнелл (АҚШ), Оксфорд (Буюк Британия) ва Копенгаген (Дания) университетлари олимлари томонидан илгари сурилди. AVAAZ.org халқаро жамоат ташаббуслари сайтида ушбу таклиф петиция шаклида чоп этилиб, зарурий бўлган 500 минг овоздан 295 мингини тўплаб бўлди.