Жаҳон | 22:19 / 26.01.2016
4274
1 дақиқада ўқилади

Туркия Сурия масаласидаги музокараларни бойкот қилиши мумкин

Туркия 29 январь куни Женева шаҳрида ўтказилиши белгиланган Сурияда тинчлик ўрнатиш бўйича халқаро музокараларни бойкот қилиши мумкин. Бу музокараларда Курдистон ишчилар партияси вакиллари иштирок этадиган бўлса, туркияликлар Швейцарияга келмайди. Бу ҳақда Туркия ТИВ раҳбари Мавлют Чавушўғли маълум қилган.

Бундан олдинроқ, БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура Сурияда тинчлик ўрнатиш масаласидаги музокаралар 29 январда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Музокараларга БМТ томонидан таклиф этиладиган барча делегациялар келиши мумкинлиги, улар орасида Суриядаги мухолифат ҳам бўлиши хабар қилинганди. Музокараларга аклиф этилмайдиган террорчи ташкилотлар рўйхатида ИШИД ва “Фронт ан-Нусра” номи бор.

Музокаралар кун тартибида Сурияда янги ҳукуматни шакллантириш, янги конституция ва сайловлар ўтказиш масаласи кўриб чиқилади. Музокараларнинг биринчи босқичи ўртача 2-3 ҳафта давом этиши айтилмоқда.