Ўзбекистон | 10:08 / 27.01.2016
8744
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда болалар учун илк илмий-интеллектуал журнал нашрдан чиқди

Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган илк илмий-интеллектуал, рангли-безакли “Jajji akademik” журналининг биринчи сони нашрдан чиқди. “IRFON NASHR” МЧЖ муассислигида чоп этилаётган мазкур журналда интеллектуал савияни оширишга йўналтирилган турли қизиқарли мақолалар, хабарлар, замонавий эртаклар ва совринли танловлар бериб борилади.

“Ёш авлодни замон билан ҳамнафас тарзда маънан етук, ақлан баркамол ва билимдон қилиб тарбиялашга ҳисса қўшиш жамоамиз олдидаги энг асосий мақсаддир. Журналда ватанимиз ва дунё миқёсида кўплаб ютуқларни қўлга киритган вундеркинд болалар билан яқиндан таништириб борувчи материаллар, чет тилларини ўрганишига мўлжалланган махсус саҳифалар, тараққиёт ютуқлари билан таништиришга йўналтирилган мақолалар, замонавий болаларнинг хоҳиш-истаклари, орзу-умидлари ифодаланган қизиқарли сўровномалар, бола кундалик ҳаёти билан боғлиқ бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод-фабрикалардан жонли материаллар ва яна турли ранг-баранг саҳифалар мавжуд. Журналда бериб бориладиган мақолаларнинг барчаси соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланади", дейди журнал масъул котиби Саъдулло Қуронов.

“Jajji akademik” журнали бир ойда икки марта чоп этилади. Журнал жамоасининг фаолияти билан facebook.com ижтимоий тармоғидаги саҳифа орқали танишиб бориш ҳам мумкин.

Журнал видеоролиги: