Reuters: Пентагоннинг 2017 йилги бюджети 580 млрд долларни ташкил қилиши мумкин
АҚШнинг мудофаа бюджети 2017 молиявий йилда 580 млрд долларни ташкил қилиши мумкин. Бу жорий 2016 молиявий йилдагидан 27 млрд доллар камроқни ташкил қилади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги маълум қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, айнан шундай миқдор АҚШ президенти Барак Обама таклиф қиладиган бюджетда кўрсатилади, бу Пентагон мўлжаллагандан 15 млрд доллар камроқни ташкил қилади.
Politico нашрининг таъкидлашича, АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер бу пулларнинг бир қисмини янги авлод қирувчи самолётлари, сув ости кемаларини яратишга ҳамда АҚШ ҳарбийларининг киберҳудуддаги ҳаракатларининг самарадорлигини оширишга йўналтиришни истамоқда.
Бироқ вазирликнинг ўзининг ичида бунга қарши чиқаётганлар мавжуд. Хусусан АҚШ армияси вазири лавозимига номзод Эрик Фэннинг яқинда Сенатнинг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитаси олдидаги нутқида ҳарбийлар сонини 40 минг нафарга, яъни 450 минг нафаргача қисқартириш режасига қарши эканлигини билдирди. “Икки йил аввал биз ўл олдимизга ҳарбийлар сонини 450 минггача камайтиришни мақсад қилиб қўйганимизда бизда ИШИД йўқ эди, Россия билан ихтилоф йўқ эди”, деб айтди Фэннинг.
Оқ уй кейинги йил учун федерал бюджет лойиҳасини 9 февралда тақдим қилади. Бундан кейин вазирликлар ва бошқармаларга маблағлар ажратилиши бўйича қонун лойиҳалари пакети Конгрессга топширилади. Бу ерда анъанавий тарзда президент таклифлари республикачилар томонидан танқидга учрайди ва ҳар галгидек бюджетнинг қабул қилинишини узоқ давом этувчи дебатлар билан боради.