Жамият | 18:33 / 28.01.2016
23537
3 дақиқада ўқилади

“Барон” фильмнинг “қароқчи” нусхасини ёзиб бераётганларнинг рўйхати бор

Яқиндагина катта экранларга чиқиб, ўзбек киносида бир қатор рекорд натижаларни қайд этган “Барон” фильми кўп ўтмай “қароқчилар” томонидан қўлма-қўл қилиб юборилди. Кимдир фильмни танишининг компьютеридан “флешка”сига кўчириб олаётган бўлса, кимдир очиқчасига “қароқчи” DVD дискларини сотаётган олғирлардан харид қилиб томоша қилмоқда.

Kun.uz сайти мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида картина режиссёри Рустам Саъдиев билан боғланди. Режиссёрнинг маълум қилишича, бугун, 28 январь куни тегишли мутасадди идоралар вакиллари шу масалада йиғилиш ўтказиб, рўйхат асосида барча бозорларда махсус рейдларни ўтказиш белгилаб олинди.

“Ҳозирда “Малика”, “Абу Сахий” бозорларида ўтириб, фильмни ёзиб бераётганларнинг рўйхати бор, - деди Р.Саъдиев. – Агарда томошабинлар “Барон”нинг давоми суратга олинишини исташса, кино ижодкорларига бўлган ҳурматини кўрсатиб, уни кино залларида томоша қилишлари керак. Бунга мухлисларнинг кино ижодкорларга бўлган ҳурмат ва миннатдорчилиги, деб қаралади”.

Режиссёрнинг таъкидлашича, кино ҳам санъат, ҳам саноат. Фильмга сарфланган маблағларнинг қанчадир қисми қайтса, улар келгусида бошқа сифатли киноларни суратга олишга сарфланади.

Дарҳақиқат, “Барон” фильми суратга олиниб, юртимиз кинотеатрларида намойиш этила бошлаганидан сўнг ўзбек киносида узоқ давом этган турғунлик даври ниҳоясига етди, деган умид уйғонди. Жаҳон талабларига мос картина ўзбек ижодкорларининг салоҳияти, маҳорати ва тажрибасига юксак баҳо берилишига ҳисса қўшаётган бир вақтда фильмни виждонсизларча “қароқчилар”дан олиб томоша қилаётганларнинг аксарияти киночиларимизни сифатсиз маҳсулот тайёрлашда айблайдиганлардир. Ўз қадрини билган, ўзгалар меҳнатини қадрлай оладиганлар эса нафақат ушбу санъатдан баҳра олиш, балки мазкур соҳанинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида картинани катта экранларда томоша қилади. Бунга ҳозирча имконияти етмаётганлар эса уни вақти-соати келиб телевидение орқали томоша қилишлари мумкин.

Шу ўринда, Kun.uz сайти мутасадди ташкилотларни Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларни янада кенгайтириш, самарали назорат усулларини жорий этишга чақиради. Зеро ижодкорлар ҳақ-ҳуқуқларининг қонун доирасида тўлақонли ҳимоя қилиниши сара, дунё даражасидаги асарларнинг яратилишига катта таъсир кўрсатишини ҳеч ким инкор этмаса керак.