Иқтисодиёт | 14:08 / 28.01.2016
5070
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон темир йўллари” 2016 йилда 800 млн долларлик 28 та лойиҳани амалга оширмоқчи

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 2016 йилда 800 млн долларлик 28 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда, бу ҳақда матбуот-анжуманида компаниянинг бошқарув раиси ўринбосари Равшан Икромов маълум қилди.

Жумладан, бу маблағлар “Ангрен-Поп” темир йўли қурилишини якунлаш, темир йўлнинг “Самарқанд-Бухоро” қисмида поездларнинг юқори тезликдаги қатновини ташкил этиш, “Навоий-Конимех-Мискен” янги линиясини қуриш, “Қарши-Термиз” йўлини электрификация қилиш ишларини якунлаш, янги йўловчи электропоездларини харид қилиш ва бошқа лойиҳаларга йўналтирилади.

Икромовнинг айтишича, компания инвестицион лойиҳаларни амал ошириш борасида 2015 йилни яхши кўрсаткичлар билан якунлади.

2015 йилда Инвестицион дастурга киритилган 17 та лойиҳани амал ошириш доирасида 755 млн доллардан кўпроқ инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.

Охирги 10-15 йилда Ўзбекистонда 1200 километр янги темир йўллар ётқазилди, мавжуд 3800 километр йўл модернизация қилинди ва 1100 километр йўл электрификация қилинди. Натижада айни вақтда Ўзбекистон темир йўл магистралларининг умумий узунлиги 6500 километрни ташкил қилмоқда.