2015 йилда Украина маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспорт қилиниши 44 фоизга камайди
Украина 2015 йил давомида Ўзбекистонга жами 154,4 млн доллар ҳажмидаги маҳсулотларини экспорт қилган. Бу эса 1 йил олдинги кўрсаткичларнинг қарийб ярмигача камайганини билдиради. Бу ҳақда Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги маълумотида айтилган.
Маълум бўлишича, 2015 йилнинг 11 ойи давомида 2014 йилнинг худди шу ҳолатига нисбатан Украинадан Ўзбекистонга етказиб берилган маҳсулотлар ҳажми 44 фоизга камайган. Ўз навбатида Ўзбекистондан импорт қилинган маҳсулотлар ҳажми 12,7 фоизга камайиши қайд этилган (57,3 миллион доллар).
"Умуман олганда, Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2015 йилнинг 11 ойида ундан олдинги йилнинг шу ҳолатига нисбатан 38,3 фоизга камайган ва 211,7 миллион долларни ташкил этган", дейилади хабарда.
Украина савдо вакили Наталья Микольскойнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга экспортнинг оширилиши учун Украина МДҲ доирасидаги эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битим бўйича ҳаракат қилади.
Украина парламенти 27 январь куни Ўзбекистон билан эркин савдони маъқуллаганди.
Депутат Anna Гопконинг сўзларига кўра, мазкур қонуннинг ратификация қилиниши Украина маҳсулотлари учун янги бозорларни очади.
МДҲ доирасидаги эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битим 2011 йил 18 октябрида унинг иштирокчилари бўлмиш Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Тожикистон ва Украина томонидан маъқулланган. Украина битим баённомасини 2013 йил 31 майида имзолаган, бироқ Рада шу кунгача мазкур ҳужжатни ратификация қилмаган эди.
Баённома талабларига мувофиқ, Ўзбекистон томони Украина маҳсулотларига нисбатан импорт ва экспорт божларини қўлламайди.