Жаҳон | 15:24 / 28.01.2016
16707
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: A321 бортига бомба ўрнатган террорчи шахсига аниқлик киритилди

Миср ҳуқуқ тартибот органлари ва Россия махсус хизматлари ҳамкорликда россияликларнинг А321 йўловчи самолётида теракт содир этитилишида иштирок этган террорчиларнинг шахсига аниқлик киритди. Бу ҳақда Россия ОАВида хабар берилган.

Манбаларнинг ёзишича, махсус хизматлар ходимлари Синай ярим ороли осмонида портлаб кетган бу самолётга Шарм-ал-Шайх аэропорти ходими томонидан бомба қўйилганини тасдиқлашган. Бу ходим 2015 йилнинг ёзида, теракт содир этилишидан бироз вақт муқаддам ишга ўтган.

Аниқлик киритилишича, бомба самолёт юкхонасига жойлаштирилган. Кичик ҳажмдаги бу портловчи қурилма сумкага солиб эмас, олиб кирувчининг ёнида ўтказилгани учун текширувчилар уни пайқашмаган.

Нашрнинг ёзишича, террорчи бомбани самолётга жойлаштиргач, ғойиб бўлган. Айни вақтгача унинг яширинган жойи маълум эмас. Махсус хизматлар у ва унинг 5 нафар ҳамтовоғини излашмоқда.

Россиянинг Metrojet (эски номи — «Когалимавиа») авиакомпаниясига тегишли A321 лайнери 31 октябрь куни Мисрда қулаганди. Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга учаётган самолёт бортида бўлган 224 кишининг барчаси ҳалок бўлган.