Озода Нурсаидова: Кечаги ҳийлалар бугун ўтмайди
Қани меҳрли сўзлар,
Қайда қандрдон кўзлар,
Ҳамма оқибат излар,
Одамлар кечагимас...
Радиода таралаётган қўшиқдаги ушбу сатрлар чиндан ҳам кишини фикрлашга ундайди. Кимдир бугун замон ўзгарди деса, яна биров эса одамлар ўзгарганини айтади. Менимча, замон ўша-ўша, фақат одамлар кечагимас. Хонанда Озода Нурсаидованинг мазкур «Одамлар кечагимас» таронаси бугунги кунда тобора унутилиб бораётган соф туйғуларни ифода этган, десак муболаға бўлмас.
«Ёр-ёр», «Орзуларим», «Сен бўлмасанг бошқаси», «Холос», «Кетма» каби қўшиқлари орқали мухлисларининг қалбидан жой олиб, уларнинг дардига малҳам бўла олган халқаро миқёсида тан олинган бастакор, хонанда Озода Нурсаидова узоқ муддат саҳнада кўринмай қолди. Сўнгги пайтларда у янгича имиж, шижоат, ғайрат билан яна ижодга қайтди. Буларнинг бари мухлисларни ҳайратда қолдирмоқда. Қисқаси, ўз қўшиғида айтганидек, салгина эгилиб, аммо синмаганини исботлади. Яна санъатга қайтди, чиндан, энди Озода кечагимас. У мухлисларини қанчалик соғинган бўлса, мухлисларнинг соғинчи ҳам ҳаминқадар.
Дардли ва долзарб мавзулар куйчиси, халқаро миқёсидаги бастакор, хонанда Озода Нурсаидова билан суҳбат уюштирдик. У ҳатто «қитиқ пати»га тегадиган саволларга ҳам чуқур мулоҳаза, вазминлик билан жавоб қайтарди.
— Имижингизни анча ўзгартирибсиз. Бу «Озода кечагимас»нинг исботими?..
— (кулади) Олдиндан ҳеч нарсани гапиришни хоҳламайман. Бу хатти-ҳаракатларим бежиз эмас, албатта. Тўғри, бугунги кунда нафақат ташқи кўриниш жиҳатидан, балки руҳан ҳам ўзгардим. Кўпчилик мени санъатдан кетди, деб ўйлашди. Аксинча, ижоддан тўхтаганим йўқ! Фақат катта саҳналарда бироз муддат кўриниш бермадим. Қўшиқчининг қалби куйламаса, санъатдан кетган ҳисобланаркан. Менинг эса қалбим доим янги куйлар изланишда бўлди. Санъат эшигини мухлисларимнинг меҳри тўла дил калити орқали қайта очдим. Шавқатсиз, тоқатсиз, золим бу йиллар бирин-кетин ортда қолиб, хотираларга муҳрланди. Айтганингиздек, Озода энди кечагимас. Баъзи «провакатор»лар шуни билишларини истардим. Энди менга кечаги ҳийлалари бугун ўтмайди.
— Айрим санъаткорлар катта саҳналарда бўлмаса-да, йилига янги альбомини тақдим этяпти-ку. Сиз нега бундай йўл тутмаяпсиз?
— Шунча йил саҳнада кўринмаганимга сабаб ҳеч қачон мухлисларимга сифатсиз ва арзон қўшиқ бермадим. Айтганингиздек, баъзиларга ўхшаб йилига юзталаб мантиқсиз, фақат бўшлиққа етаклайдиган қўшиқ айтишни ўзимга раво кўрмайман. Шундай мухлисларим борки, улар умрим давомида қайғу ва хурсандчилик кунларимда шерик бўлишди. Миннат қиляпти дейишмасину, мухлисларим, яқинларим ҳаққи ҳурмати учун ҳаётимда кўп нарсадан воз кечдим. Тўғри, шахсий ҳаёт меники, лекин мени кўриб-билиб юрганлар бор. Санъатга қайтиш, саҳнада бўлиш, олқишлар учун менга қўйилган яхши шароитларга учиб, ҳаётий принципларимдан қайтмадим. Ўзбекистонимни сотиб кейин яна қайтиб келиб, халқ билан ўйнашмадим. Айтмоқчиманки, халқни алдамадим. Ундан кўра санъатдан чиқаман, аммо бундай қабихликни қилмайман.
— Санъатда «пауза» қилишингизнинг сабабларидан бир оғир касалликни бошдан кечирганингиз, менимча...
— Баъзан кўчада «болалаган» миш-мишлар уйдаги гап-сўзларга тўғри келмаслигини ҳаммамиз биламиз. Рақобатчилар томонидан тарқатилган бундайин миш-мишларнинг аксариятини тўғри деб бўлмайди. Худога шукрки, ҳеч қандай ўладиган, оғир касалликка чалинмадим. Фақат ошқозоним касал бўлди. Операциядан сўнг диета қилдим. Назаримда, одамни жисмонан ўлдиргандан кўра, руҳан ўлдириш осонроқ деганлари шу.
— Чиндан ҳам сиз ҳақингизда кўп миш-мишлар юради. Ҳар бирига эътибор берасизми ёки «пиар», рекламага хизмат қилади, деб қўл силтаб қўясизми?
— Бундай «пиар»га ишим тушмаган, тушмасин ҳам. Пиар ортидан кун кўрадиган пасткашликка тобим йўқ. Ҳаммаси кундек равшан-ку, мени санъатдан чалғитиш, турли фитналарга тортиш мақсадида қасддан уюштирилаётган уйдирмалар. Кўпига аҳамият бермасликка ҳаракат қиламан. Ачинарлиси, шу гапларни тарқатаётган одамларнинг айримлари билан бирга ишлаяпман, атрофимда юрибди.
— Дўстлар қовунга ўхшайди: бир дона яхшисини топиш учун юзтасини текшириш керак. Тобора долзарб бўлиб бораётган дўстлик туйғуси ҳақида нима дея оласиз? Санъаткорлар бир-бири билан дўст бўлмайди, дейишади...
— Кишининг атрофида таниш-билиши кўп, аммо дўсти саноқли бўлади. Ҳаётий паллага қараб дўст тутинади, қайсидир пайтда кўпроқ, қайсидирида эса кам. Тан олиб айтиш керак, биз аксарият санъаткорларда сохталик, мағрурлик каби камчиликлар учраб туради. Дўстларим бор, фақат улар санъат соҳасидамас.
— Ярангизни янгиламоқчимасмизу лекин бу воқеа ҳақида ҳалигача турли миш-миш юради. 2005 йиллар Озоданинг осмонини қора булутлар қоплади, жумладан, Хоразмдаги тўй машмашаси. Бугун шу воқеани эсласангиз беихтиёр хаёлингиздан нималарни ўтказасиз?
— Ҳар бир ижобий ва салбий ҳолат инсон ҳаётида из қолдираркан. Аммо метин иродали бўлишга ҳаракат қилдим, барчасига чидадим. Баъзи инсонларнинг ҳаёти давомида бўлиб ўтган ҳодисалар бир мактаб бўлиб, қилган хатоларини яна қайтармаса керак, деган умидда бўласан киши... Афсус, ўзгармайдиган одамни ҳеч қандай йўл билан ҳам ўзгартириб бўлмас экан… Мана шу Хоразм маш-машасини уюштирганлар ҳалигача шу қабих ниятини одат тусига айлантириб олганини халқ ўзи билиб олаяпти. Яқинда Дилфуза Исмоилованинг очиқ-ойдин қилган туҳматини бунга мисол қилиб келтиришим мумкин. Наҳот, Дилфуза Исмоилованинг устози билан бўлган муносабатимизни Дилфуза опа унутган бўлса?.. Қарши бўлмасангиз, бу саволга жавобни чуқурлашмасдан, шу ерда тўхтатмоқчиман.
— Ихтиёрингиз. Шайбонийхон даврида шоҳ бир машшоқни ҳузурига чорлаб, ундан бирор куй чалиб беришни сўраган экан. Машшоқ қандайдир сабабга кўра куйни маромига етказиб ижро эта олмабди. Бу ҳолатдан жаҳли чиққан хон машшоқни қамчи билан савалабди. Бу усул санъатга жиддий қарашга хизмат қилган экан. Гуруч курамксиз бўлмаганидек, бугунги кунда эстрадамизда ҳам сарсон бўлиб юрган санъаткорлар йўқ эмас. Балки уларга ҳам шундай йўл тутиш керакдир, нима деб ўйлайсиз?
— Кўчма маънода айтадиган бўлсак, қамчилаш, жазолаш керак. Худди деҳқон ниҳолни қандай парваришлаб, кўкартирса, санъат ҳам шундай меҳнат талаб қилади. Санъаткорлар қаторини эгаллаб турган айрим «қўшиқчи»ларни, бесамара ижод қилаётганларга ҳам шундай йўл тутиш керакдир, балки. Яхши отга бир қамчи деганларидек, биргина фикр-мулоҳазадан тўғри хулоса чиқарадиган, ўз устида тинмай ишлаб, янгича руҳ ва шижоат олиб кираётган ёшларни рағбатлантириш керак, албатта.
— Юқорида ёш ижодкорлар ҳақида гапирилди. Айрим ёшлар ҳатто борлигидан кечиб, санъаткор бўлишни орзу қилишади. Аксариятининг эса иқтидори йўқ. Сиз бу ҳолатга қандай изоҳ берасиз?
— Биласизми, уларга айтадиган гапларим жуда кўп. Лекин гапни қай биридан бошлашни билмайман. Чунки кўп гапирилган, аммо эътибор берилмаган. Менимча, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган, ҳамма нарсадан умидини узганлар, санъатга қадам ташлаяпти. Бир савол мени қийнайди: бундай иқтидорсизларни кўпайтираётганлар қаерга қараяпти? Ким уларга санъаткор бўлишига рухсат беряпти? Уларнинг аксариятига пул олмай, текинга ишлаб, қўғирчоқ бўлиш шарти қўйилади. Сунъий етиштирилган мева қанчалик чиройли кўринмасин, таъми барибир табиий меваникига етмаслиги каби адашиб қолган «қўшиқчи»нинг самарасиз ижодидан халқ ўзи билиб олади.
— Сизга ҳам шундай мурожаат қилишганми?
— Ҳа, жуда кўп. Лекин тўғри маслаҳатимни бериб, бундайлар билан ишламаслигимни айтганман. Шунинг учун «UzSTAR» лойиҳасига қўл урдим. Мазкур лойиҳа ана шундай ёшлар, чинакам истеъдодларни топиш уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинди.
— Бугун эстрадамизда таржимон, ўғри хонандалар кўпайди. Бировнинг қўшиғини ўзиники қилиб олганлар ҳақида фикрингиз борми?
— (кулади) Плагиатчиларни бекорга савол қилиб бермаяпсиз, шекилли. Бир дона плагиат қўшиқ айтганман, тан оламан. Лекин тўғридан-тўғри кўчирмаганман, анча ўзгартирганман.
Ўзини жуда ақлли ҳисоблаб, ўғирлаган қўшиғини мендан бошқа ҳеч ким билмайди, халқимизга етиб келмайди, деб ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Охирги пайтларда баъзи санъаткорларимиз мени қўшиқларимни чет эллик қўшиқчилар ўғирлаб айтишди, деб мақтанишди. Аслида икковининг ўзаги бир, яъни иккаласи ҳам бир жойдан ўғирланган. Халқни алдаш ўзини алдаш билан баробар-ку! Шу боис, плагиатчиларга қаршиман. Мендан хафа бўлишмасину, деярли 90 фоиз ҳамкасбларим ўзи асар яратмаяпти.
— Нега?
— Ижод, меҳнат қилиш йўқ. Ҳатто ўзимнинг асарларимни халққа чиққунича ўғирлашди-ку. Шу қаторда, бугунги кунда бизда ғоя ўғрилари ҳам чиққан. Ғоянгизни билиб олиб, бошқага пуллаворади. Санъат илоҳий туйғу, унга қалб бериш керак. Айрим ижодкорлар қалб бериш у ёқда турсин, ҳатто жанрларни ҳам билишмайди. Бу жуда ачинарли ҳол...
— Аёл хонанданинг фожиаси нимаю саодати нима?
— (узоқ ўйланиб) Шахсан менга бу мавзуда гапириш жуда оғир. Аёл хонанда доим халқнинг кўз ўнггида бўлади, яъни концерт, тўй-тадбирларда юради. Ҳамма оналардек фарзандига етарлича вақт ажрата олмайди. Турмушида озгина зиддиятлар юзага келиши мумкин. Балки бу синовларни енгганлар бордир, бироқ кам, деб ўйлайман. Аёл хонанда турмуш, бахт-саодатни кўриши қийинроқ, оддий аёлдек бахт кўролмайди. У метин иродали бўлиши керак. Фожеаси шунда деб ўйлайман. Саодати эса қўшиқлари орқали аёлларнинг кечинмаларини, туғёнларни куйга солиб, дардига малҳам бўла олиши, менимча.
— Одамни икки нарса бузади: бойлик ҳирси ва кўп гапириш. Сиз ҳам шулар туфайли панд еганмисиз?
— Тўғрисини айтсам, панд еганман. Бойлик ҳирси деёлмайману, лекин топган-тутганим билан мақтанганман. Ниятиларимни билиб-билмай кўпчиликка айтиб панд еганман. Баъзан тилим ҳақиқатан ҳам ўзимга қарши ишлаган. Ортиқча гапирганман, тан оламан.
— Бугунги кунда кимлар билан ҳамкорликда ишлаяпсиз?
— Кўпроқ ўзим мусиқани басталайман. Асосан шоира Рислиғой Хотамова билан ҳамкорликда ишлайман. Ҳозирда яхши шоирларни ҳам излаяпман.
— Оммавий ахборот воситаларидан-чи?
— Ҳеч қайси сайт, газета, блоггерлар билан ҳали тўлақонли ҳамкорлик қилишга улгурмадим. Яқинда ўзимнинг www.ozoda.com сайтим ишга тушди. Мухлисларим ўша ерда ижодим борасидаги хабарларни ўқиб, янги қўшиқларимни ҳам тинглаши мумкин.
— Автобиографиянгиздан олинган қўшиқларингиз борми?
— Ижодкор фақат ўз дардини достон қилавермасдан, эл дардини ҳам ҳис қилиб, куйга солиши керак. Бу унинг вазифаси ҳисобланади. Мен ҳам халққа қандай қўшиқ керак, шуни ўргаман. Метрода, трамвайда, бозорда юриб, одамларнинг гапини, дардини эшитаман. Ўша ердан мавзу топаман. Бу эса ҳақиқий ижодкорга илҳом беради.
«Холос», «Ёр-ёр», «Омонат» қўшиқларимнинг айрим сўзлари ўз ҳаётимдан олинган.
Жонибек МАЪРУПОВ суҳбатлашди.