Жамият | 01:12 / 03.02.2016
5434
2 дақиқада ўқилади

Сайёҳлар учун энг маъқул шаҳарлар аниқланди

Euromonitor маълумотларига кўра, 2014 йилда Гонконгга 27,7 млн, Лондонга 17,3 млн, Сингапурга 16,2 млн сайёҳ ташриф буюрган. Шунингдек, сайёҳлар энг кўп ташриф буюрган шаҳарлар бешталигидан Бангкок (16,2 млн) ва Париж (14,9 млн) ҳам ўрин олди.

Энг кўп ташриф буюриладиган шаҳарлар юзталигидан Москва ва Санкт-Петербург (мос равишда 31 ва 69-ўринлар) ҳам ўрин олди.

Euromonitor бу рўйхатни тузишда аэропортлар, меҳмонхоналар ва сайёҳлик фирмаларининг хорижий ташрифлар бўйича маъумотларини ҳисобга олган. Рейтингдан Хитой ва АҚШ шаҳарлари энг кўп ўрин олган, бу давлатлардан 7 тадан шаҳар рейтингга киритилган.

Euromonitor маърузасида айтилишича, шаҳар сайёҳлиги учун етакчи ҳудуд Осиё бўлиб қолмоқда. Осиёга рейтингдан ўрин олган шаҳарларнинг тахминан учдан бири тўғри келган. Шаҳар сайёҳлиги йўналишида энг кўп оммабопликка эришаётган шаҳарлар сифатида Ҳиндистон ва Вьетнам шаҳарлари айтилган.

Маърузада таъкидланишича, Европанинг қадимий шаҳарлари "ташриф буюриш лозим бўлган жойлар" бўлиб қолаётган бўлса ҳам, сайёҳлар бу шаҳарларга Осиё шаҳарларидан камроқ ташриф буюрмоқдалар.