Пентагон АҚШга таҳдид солаётган беш хавфни ошкор қилди
АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер Пентагоннинг 2016-2017 молиявий йилидаги бюджети лойиҳаси бешта хавф — Россия, Хитой, Шимолий Корея, Эрон ва ИШИДни ҳисобга олган ҳолда тайёрланганини маълум қилди.
Картернинг сўзларига кўра, АҚШ Россия ва Хитойнинг ҳаракатларига жавоб сифатида янги қуроллар учун харажатлар миқдорини оширишни мўлжалламоқда. Пентагон раҳбари Россиянинг Украинадаги “агрессияси” ва ХХРнинг Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ороллар бўйича эътирозларини эсга олиб ўтди.
Пентагон 2016-2017 молиявий йили учун 582,7 миллиард доллар сўрамоқда. АҚШнинг ҳарбий бюджети 2014-2015 молиявий йилида 585 миллиард долларни ташкил этган эди. Янги бюджетдаги йирик банд илмий-техникавий ишланмаларни ўз ичига олади.
Шу мақсадлар учун Пентагон 71,4 миллиард доллар сўрамоқда. 8,1 миллиард эса сув ости флоти учун ажратилади. ИШИДга қарши кураш учун харажатлар эса 50 фоизга оширилиб, 7,5 миллиард долларга етди. Шунингдек, 3,4 миллиард доллар АҚШ Европадаги ҳарбий базалари учун сарфланади.