Жаҳон | 16:26 / 03.02.2016
15406
2 дақиқада ўқилади

Порошенко: Россиянинг уруш бошлаш таҳдиди ортмоқда

Украина президенти Петро Порошенко Россиянинг очиқ уруш олиб бориши хавфи, ўтган йилга нисбатан ўсганини таъкидлади. Бу ҳақда у Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашувдан кейин Bild нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати ҳамон Минск келишувига амал қилмасдан келмоқда. Бундан ташқари, президент россиялик ҳарбийларнинг Украина ҳудудига киритилганини иддао қилди. Шу билан биргаликда, Россия ҳукумати бир неча маротаба Украина ҳудудида рус аскарларининг йўқлиги ҳақида баёнот берган.

Порошенконинг таъкидлашича, Россия чегарага яқин ҳудудда янги ҳарбий база қуришда давом этмоқда ва доимий равишда машғулотлар ўтказмоқда.

«Россия урушга тайёргарлик кўриш учун жуда катта инвестиция киритишда давом этмоқда. Биз бу борада ҳеч қандай тушунтириш олганимиз йўқ», — дейди Украина раҳбари.

Порошенконинг таъкидлашича, мамлакатни ҳимоя қилиш учун Германиядан қурол-яроғ олиб келинишини таъминлаш керак бўлади.