Жаҳон | 11:47 / 04.02.2016
5823
2 дақиқада ўқилади

Ассанж қандай шарт эвазига ўзини инглиз полициячиларига топширишга рози бўлишини айтди

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Буюк Британия полициясига таслим бўлишга тайёрлигини, бунинг учун БМТнинг ишчи гуруҳи ўзининг шикояти ижобий қондирилмагани ҳақида маълум қилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у ўз твиттерида ёзган.

"Агар БМТ менинг Буюк Британия ва Швецияга қарши ишларни ютқазганимни маълум қилса, мен эртага (5 февраль куни) ўзимни инглиз полициячиларига топшираман ва келгусида ҳеч қандай шикоят қилмайман", дея ёзган у.

Агар БМТ ишчи гуруҳи Ассанжни ҳақ деб тан олса, унга ўз паспорти қайтарилади ва унинг ҳибсга олиниши бўйича барча ҳаракатларга чек қўйилади.

Бундан олдинроқ, БМТ унинг озод этилиши масаласини 5 февраль куни кўриб чиқиши айтилганди.

Австралия фуқароси ҳисобланган Жулиан Ассанж Швеция томонидан жинсий товламачилик жиноятини содир этганликда айбланган. Суд Ассанжни 2011 йил декабрида сиртдан ҳибсга олган. WikiLeaks асосчиси 2012 йил июнидан бери Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудида яшириниб турибди.

Ассанжнинг ўзи унга нисбатан илгари сурилган айбловни тан олмайди. Унинг сўзларига кўра, агар Швеция уни ҳибсга олса, дарҳол АҚШга топширади, АҚШ эса Ассанжни турли ҳукумат идоралари ва хизматларининг махфий ҳужжатларини омма эътиборига ҳавола қилиб юборгани учун таъқиб қилмоқда.

Ассанж: “шахсий ҳаёт” тушунчаси бошқа мавжуд эмас