Эрон ракета дастурини давом эттиришини маълум қилди
Эрон армияси бошлиғи Оятуллоҳ Салоҳий Эрон ўзининг ракета дастурини давом эттиришини маълум қилди. Бу ҳақда Fars ахборот агентлиги хабар берди.
"Биз Эронга нисбатан билдирилган танқидга ҳеч қандай эътибор бермаймиз. Ракета дастури ядровий битимни бузмайди", деб айтди Салоҳий.
Салоҳийнинг айтишича, ракета дастури қўшни давлатлар хавфсизлигига ҳам таҳдид солмайди.
Аввалроқ Эрон баллистик ракетани синовдан ўтказгани сабаб Франция Европа Иттифоқини Эронга нисбатан янги санкциялар киритишга чақиргани маълум қилинганди.
Шунингдек, АҚШ ҳам Эронга нисбатан санкция киритган. Эронга киритилган санкциялар рўйхатига Эроннинг 6 нафар фуқароси, бир нафар Хитой фуқароси, БААдан иккита ва Хитойдан битта компания, шунингдек, Anhui Land Group Сo. Limited ва БААнинг Candid General Trading LLC ва Mabrooka Trading Co LLC. компаниялари киритилган.