Ўзбекистон | 22:21 / 04.02.2016
6304
2 дақиқада ўқилади

"Поп-Андижон" темир йўл линиясини электрификациялашни муддатидан аввал якунлаш режалаштирилмоқда

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ "Поп-Андижон" темир йўл линиясини электрификациялашни жорий йилнинг апрель ойига якунлашни режалаштирмоқда, деб хабар берди Sputnik нашрига компаниядаги манба.

Аввалроқ темир йўлчилар линияни 2016 йилнинг августида фойдаланишга топшириш режалаштирилаётганини маълум қилгандилар. Бироқ ишлар самарадорлигининг ошиши, захиралар ва замонавий қурилмаларни ишга солиш ҳисобига бу муддат бир неча ойга қисқартирилди.

"Йўлнинг умумий узунлиги 186 километрни ташкил қилади. Бугунги кунда биз Попдан Қўқонгача 45 километрлик йўл қисмидаги ишларни тўлиқ якунладик. Андижонгача қолган қисмда 4 мингта устун ўрнатилган, ҳозир симларни тортиш ишлари олиб борилмоқда. Барча ишларни апрелга якунлашни режалаштирмоқдамиз", деб таъкидлаб ўтди манба.

Йўлнинг электрификацияси 2015 йилда ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган механизм доирасида молиялаштирилмоқда. Хусусан, харажатлар бошқа лойиҳани амалга ошириш – "Ангрен-Поп" электрификациялашган темир йўл линиясини қуриш давомида тежалган маблағлар ҳисобига қопланмоқда. "Ангрен-Поп" линиясининг умумий қиймати 1,4 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилганди.

"Поп-Андижон" линиясида ишларнинг якунланиши "Хитой-Марказий Осиё-Европа" халқаро транзит темир йўл коридорининг Ўзбекистондаги қисмини тўлиқ электрификациялашга имкон беради.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги темир йўлларнинг умумий узунлиги 6500 км дан кўпроқни ташкил қилади. Охирги 10 йил давомида 1500 км темир йўл электрификацияланган.