Жамият | 14:21 / 06.02.2016
6542
2 дақиқада ўқилади

Назарбоева қозоғистонликларни хитойчани ўрганишга чақирди

Қозоғистон бош вазири ўринбосари Дарига Назарбоева яқин келажакда мамлакат фуқаролари хитой тилини ўрганишлари керак эканлигини билдирди. Бу ҳақида Новости-Казахстан ахборот агентлиги хабар тарқатди.

"Биз бугун болаларимизни камида уч тилда (қозоқ, рус ва инглиз) гапира олишга ўргатишимиз керак. Яқин келажакда эса барча хитой тилини ҳам билиши зарур бўлади. Бизнинг улуғ жанубий қўшнимиз — бу бизнинг тақдиримиз”, деб фикр билдирган Назарбоева Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги йиғилишида.

Унинг таъкидлашича, Хитой тез суръатларда ривожланиб бормоқда. “Хитой— бу Хитой, у шошилмайди, барча йўналишларни обдон ўйлаб кўради ва натижада ҳаммаси яхши бўлади. Хитой — бизнинг дўстимиз, муҳим иқтисодий ҳамкоримиз ва мамлакатимиз иқтисодиётига катта сармоя киритаётган йирик инвестор”, дея қўшимча қилган Назарбоева.

Инглиз тилининг муҳимлиги ҳақида гапирар экан, у "Барча ўқув адабиётлари, монографиялар ва интернетнинг барча муҳим манбалари инглиз тилида” эканини айтиб, бу тилни билиш шарт ва зарурлигини таъкидлаган.