Жаҳон | 18:51 / 06.02.2016
8982
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев: Туркия ва Россия муносабатларидаги инқироз биз учун ҳам катта муаммога айланди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатга расмий ташриф билан келган Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли билан учрашди. Бу ҳақда Nur.kz давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, учрашув вақтида икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, сиёсий мулоқотлар ва маданий алмашувларни мустаҳкамлаш, транспорт, энергетика, туризм ва қурилиш инфратузилмалари соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Назарбоев Туркия атрофидаги воқеа-ҳодисаларнинг Қозоғистонга ҳам таъсири борлигини таъкидлаб, мураккаб вазиятдан чиқиш йўлларини қидириш лозимлигини айтиб ўтди.

“Содир бўлаётганларнинг кўплаб сабаблари ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Сурия ва Ироқдаги можаролар мусулмонлар ўртасида бирдамликнинг йўқлигини кўрсатди. Биз шундай вазиятга яқинлашдикки, Ғарбда суннийлар ва шиалар ўртасидаги қарама-қаршилик аввалроқ ҳал этилиши мумкин эди. Биз учун Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар инқирози ҳам катта муаммога айланди. Ҳар икки давлат ҳам бизнинг муҳим иттифоқчиларимиз ва шерикларимиздир”, - деди у.