Фан-техника | 17:11 / 07.02.2016
19714
2 дақиқада ўқилади

iPhone яна бир марта одам ўлимига сабаб бўлди

Британияда яшовчи 53 ёшли Марк Крюгер iPhone 5 смартфони сабаб келиб чиққан ёнғинда ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, смартфон унинг ёнида тун бўйи зарядлаш учун суқилган ҳолда қолиб кетган. Бу ҳақида The Independent хабар берган.

Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари қурилма қувватлаш учун манбага уланган ҳолда қолганини тасдиқлади. The Independent нашрининг ёзишича, Марк Крюгер мия шиши хасталигидан азият чеккан, ўз ётоғида мунтазам ўтириб, он-лайн савдолар қилишни ёқтирган ва доим смартфонни ўзи билан бирга олиб юрган.

Патологоанатомик текширув натижаларига кўра, марҳумнинг қонидан ҳеч қандай алкоголь топилмаган. Бироқ кучли оғриқ сабабли морфин моддасини қабул қилиб тургани маълум бўлди.

Ёнғин оқибатида Марк Крюгер танасининг 64 фоиз қисми куйиб кетган, юзнинг куйиши эса биринчи даражада. Кўкрак ва нафас йўлларида тутун қурумлари аниқланган.

Текширув бўйича лаборатория экспертлари ёнғин сабабларини iPhone 5 смартфонининг тун бўйи қувват олиш манбаида қолгани, кутилмаганда қизиб, ёнғин чиққанини таъкидлашди. Қолаверса, қурилма мато остида бўлган ва ҳаво алмашиш жараёни йўқлиги учун кичик қизиш ёнғинга айланиб кетган. Бу пайтда уйқуда бўлган Марк Крюгер тутундан захарланиб, ҳаётдан кўз юмган.