Жаҳон | 16:42 / 08.02.2016
3905
2 дақиқада ўқилади

Туркия 120 минг суриялик қочқинни ўз бағрига олган Килис шаҳрини тинчлик бўйича Нобель мукофотига тавсия қилди

Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси раҳбари ўринбосари Айхан Сефер Устюн Нобель қўмитасига 120 минг суриялик қочқинга бошпана берган Килис шаҳрига Нобель мукофоти берилиши сўраб мурожаат қилди. Hurriet нашрининг хабарига кўра, Туркиянинг Килис шаҳрининг туб аҳолиси 129 минг нафарни ташкил этади.

“Ўз аҳолиси сонича қочқинга бошпана берган Килис бутун дунёга бирдамлик ва ўзаро ёрдам кўрсатишнинг яққол намунаси бўла олади. Ҳурматли Нобель қўмитаси, ўйлаб кўринг, агарда 2,5 миллион аҳоли яшайдиган Парижнинг марказига 2,5 миллион урушдан қочиб келганлар жойлашса қандай бўларди? Ёки уч миллионлик Лондон марказига шунча қочқин жам бўлса, инглизлар нима деб ўйларди?” – деди у.

Устюннинг қайд этишича, Килисдаги барча жараёнлар улар кутганчалик кечаётгани йўқ. Одамлар ўзларининг иш жойлари, уйлари, савдо майдончалари, инфратузилмаларини бўлишмоқда. “Ўйлайманки, дунёда бундай гуманитар акцияга ўхшаши йўқ”, - деди Устюн.
Килис провинцияси Туркиянинг Сурия билан чегарасида жойлашган. Унинг ҳудуди 1,6 минг квадрат километрни ташкил этиб, 129 минг киши унинг маркази Килис шаҳри ва унга ёндош қишлоқларда истиқомат қилишади. Географик жойлашуви сабабли айнан ушбу провинция суриялик қочқинларнинг илк бошпанасига айланмоқда. Айни пайтда Килисда 2та контейнерли шаҳарча бунёд этилган бўлиб, уларда 33 минг суриялик истиқомат қилмоқда.