“Мажнун”: “У ўлмаган, лекин тирик ҳам эмас...”
Ўзига хос фильмлари билан шуҳрат қозонган режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов навбатдаги янги фильмини тугатиш арафасида. “Мажнун” деб номланган трагик мелодрама жанридаги мазкур фильмнинг сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов. Постановкачи оператор Жаҳонгир Ибрагимов. Фильмнинг таъсирчанлигини янада оширувчи, мазмунга ўзгача бўёқ берувчи оҳанг ва мусиқалар муаллифи бастакор Дониёр Агзамов.
Фильмдаги асосий ролларда ўзбек киносининг бугунги кундаги энг машҳур қиёфаларни учратиш мумкин: Улуғбек Қодиров, Асал Шодиева, Матёқуб Матчонов, Муҳаммадисо Абдулхайров, Элёр Маҳкамов ва ҳаказо.
Муҳаббат, севги-садоқат, вафо ва оқибат ҳақидаги мазкур фильмга “У ўлмаган, лекин тирик ҳам эмас” шиори танланган. “У” деганда бирор шахс, айтайлик, фильм қаҳрамони назарда тутилганми ёки бирор туйғуми, ижодкорлар бу ҳақида маълум қилишмади.
Маълумотларга кўра, фильм бюджети анча катта. Сабаби, унда энг сўнгги замонавий кинотехнологиялардан фойдаланилган. Турли мураккаб эффектлар ва тасвирий ечимлар асарга янада таъсирчанлик бағишлаши кутилаяпти.
Айтиш керакки, бугунги ўзбек томошабинининг дидини аввалгилари билан солиштириб бўлмайди. Чунки қисқа даврда ўзбек кино оламига жаҳон стандартларига жавоб берадиган сифатли кинолар кириб кела бошлади. Айниқса, “Барон” фильми барча киноижодкорларни мўлжални янада баланд олишга ундай олди.
Хўш, Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Мажнун” фильми бу анъанани давом эттира оладими? Саволларимизга фильмни кўргач, ойдинлик киритиб оламиз.
Шу кунларда мазкур фильмнинг ижодий жараёнларига оид фото ва видеолавҳалари турли ижтимоий тармоқларда тарқалди.