Жаҳон | 15:12 / 11.02.2016
20876
1 дақиқада ўқилади

Арабистонлик фалаж бемор Twitter`га уни кўришга ҳеч ким келмаётганини ёзган ҳам эдики...

Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи Иброҳим йўл транспорти ҳодисаси туфайли шифохонага тушиб қолди.

Негадир уни кўришга оиласидан ҳеч ким келмайди. Шунда бир оз ўкинган бемор Twitter ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали мурожаат кўринишидаги фикрларни ёзишга қарор қилди: "Аллоҳ беморни йўқлаганни мукофотлайди. Келинг ва ўз ташрифингиз билан менга ёрдам қилинг".

Иброҳим хабарга кўп ҳам умид билдирмади. Бироқ кимдир бу мурожаатни ўқиб, #VisitIbrahim сўзини ҳештег белгиси билан оммалаштиришга бел боғлади. Қисқа фурсатда бу сўзни 200 000 киши ретвит қилади. Айтиш керакки, бу Саудия Арабистонидаги энг “юқумли” ҳештегга айланди.

Эртасига эрталаб эса Иброҳимнинг юзлаб ватандошлари уни кўриш учун шифохонага келишди. Беморнинг палатаси гуллар ва совғаларга тўлиб кетди.

Ҳатто Германияда жарроҳлик амалиётини ўтказишга етадиган $130 000 маблағ ҳам йиғишди.