Жаҳон | 08:25 / 11.02.2016
5910
1 дақиқада ўқилади

Михаил Саакашвили тан соқчилар хизматидан воз кечди

Украинанинг Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили шахсий тан соқчилар хизматидан воз кечди. Бу ҳақда у ўзининг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилган.

Унинг айтишича, у Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Грицакка мактуб ёзиб, ўзини қўриқлаш учун бириктирилган «Альфа» махсус хизмати ходимларини ортга чақириб олишни сўраган.

"Мен Украина Хавфсизлик хизматининг «Альфа» бўлими ўтган ойлар давомида мени қўриқлаб келишдаги хизматларини қадрлайман. Кейинги воқеалар туфайли мен бу хизматдан воз кечишга қарор қилдим", дейди у.

Саакашвилининг қўшимча қилишича, Украинада шахсий тан соқчисиз ҳам ҳеч нарсадан қўрқмасдан яшаш мумкин.

Бундан олдинроқ, Украина ИИВ Саакашвилининг Аксилтеррор амалиётлар ҳудудига сафари кўрсатилган видеоси бўйича текширув ишлари бошланганди. Бу видеода Украина ҳарбийларининг Донбассдаги позициялари кўриниб қолгани ҳукуматни ташвишлантирган.