Қозоғистонда бир йил ишлаган АҚШ элчиси кеч қолишни ва меҳмонларни ўтовда кутиб олишни ўрганди
АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жорж Крол икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилишининг 25 йиллиги муносабати билан берган брифингида бир йиллик фаолияти давомида кеч қолишни одат қилганини тан олди.
“Мен ҳақиқий қозоқман, - деди у. – Кеч қолиш жуда яхши нарса, мен бу анъанани ўргандим. Менга бу ёқади, негаки эркин халқнинг кўникмасидир”.
Шунингдек, у Остонадаги элчихона биноси марказий майдончасида ўрнатилган ўтов ичида меҳмон кутишини айтиб ўтди.
“Бу Қозоғистон тарихи... Ўтовнинг амалий устунлиги ҳам бор – ўтов тадбирлар ўтказиш учун кўп жой беради, ва барча дипломат дўстларим менга ҳасад қилади. Мен бу ўтовдан жуда фахрланаман”, - унинг сўзларини келтиради “Экспресс-К” нашри.
Шунингдек, Жорж Крол қозоқча гапиришни ўрганганини таъкидлади ва “Жаңа жылыңызбен!” деб журналистларни Янги йил, яъни Наврўз билан қутлади.
Эслатиб ўтамиз, Жорж Крол 2011-2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган.