Жаҳон | 15:06 / 12.02.2016
5924
1 дақиқада ўқилади

Telegraph: Сурия бўйича келишувга эришилди, лекин тинчлик ҳақида гапиришга ҳали эрта

Жаҳоннинг етакчи давлатлари Мюнхенда ташкиллаштирилган учрашувда Сурия бўйича келишувга эришишган, аммо ҳали тинчлик ўрнатилишига вақт бор, деб ёзади The Telegraph нашри.

Келишувга мувофиқ, Сурия ҳудудида ҳарбий ҳаракатларнинг якунланиши бир ҳафта давомида амалга оширилиши кутилмоқда, узоқ муддат қамал қилинган шаҳарларга гуманитар ёрдам жўнатиш эса дарҳол бошланади.

Таклиф қилинаётган сулҳда “Жабҳат ан-Нусра” ва ИШИД жангарилари иштирок этмаяпти. Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жангариларга зарбалар берилиши давом этишини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, АҚШ давлат котиби Жон Керри ҳали келишувнинг ижроси кўп куч ва вақт талаб қилинишини тан олди.

“Бу жуда масъулиятли вазифа, - деди у. – Асосий савол шундаки, томонлар ўзларига юкланган мажбуриятларни тўлиқ бажаришлари лозим”.