Жамият | 21:26 / 15.02.2016
10696
1 дақиқада ўқилади

Сиам эгизаклари 10 соат давом этган жарроҳлик амалиёти ёрдамида бир-биридан ажратилди

Йигирма икки нафар шифокор ва ҳамширадан иборат тиббий гуруҳ суриялик боши билан бир-бирига бириккан Сиам эгизакларини 10 соатлик, энг қийин дея ҳисобланган жарроҳлик амалиёти натижасида ажратишди.

Чақалоқ қизалоқлар Туқа ва Яқин операция учун қирол Салмон ибн Абдулазиз фармони билан Суриядан Саудия Арабистонига олиб келинганди.

Жарроҳлик амалиёти якшанба куни пойтахт Ар-Риёддаги қирол Абдулазизнинг Тиббиёт шаҳарчасида ўтказилди ва 10 соат ва 45 дақиқа давом этди.

“Биз жарроҳлик амалиёти 12 соат давом этади деб ўйлаган эдик. Лекин амалиётни 10 соату 45 дақиқада якунладик”, деди тиббий жамоани бошқарган шифокор Аҳмад ал Фарян.

“Эгизаклар бошлари билан бир-бирига бирлашган эди, бу эса Сиам эгизакларидаги мураккаб ҳолатларидандир”, дея қўшимча қилган у.

Маълумотларга кўра, душанба куни уларнинг ҳар бирида алоҳида равишда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим бўлган.