Ўзбекистондаги мактаблар учун янги дарсликлар ишлаб чиқишда хорижий экспертлар жалб этилади
Ўзбекистонда 2016-2020 йилларда умумтаълим мактаблари учун янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш ва чоп этиш Дастури лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақда telegraf.uz хабар тарқатган.
Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, янги дарсликлар ишлаб чиқилишидан аввал тизимга ўқув фанларини ўргатишнинг янги стандартлари жорий этилади. Хусусан, биринчи навбатда аниқ ва табиий фанлар бўйича янги ўқув методикасини жорий этиш кўзда тутилган. Янгиликлар ўқувчиларда ўқув материалларини амалиётда янада самарали қўллаш кўникмасини ривожлантиришга қаратилади.
Янги дастурлар бўйича янги дарсликлар ҳам ишлаб чиқилади. Ушбу ишларга етакчи маҳаллий мутахассислардан ташқари, Германия, Сингапур, Корея Республикаси ва Япониядаги энг яхши ўқув марказларининг экспертлари, шунингдек, халқаро олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган. Янги дарсликларни яратишда инглиз тили бўйича замонавий дарсликларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш тажрибаси қўлланади.