Домодедово аэропорти эгаси теракт иши бўйича ҳибсга олинди
Домодедово аэропорти эгаси Дмитрий Каменщик 2011 йилда аэропортда уюштирилган теракт иши бўйича ҳибсга олинди. Унга "Эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан кўпроқ одамнинг ўлимига олиб келган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишни бажариш ёки хизматни тақдим қилиш" моддаси бўйича айблов қўйилди. Каменщик ҳибсга олинишидан аввал уни бу иш бўйича жавобгарликка тортишдари мумкинлигини айтган.
9 февралда суд Домодедово аэропортининг собиқ директори Вячеслав Некрасов ва аэропортнинг авиация хавфсизлигига жавоб берган "Домодедово эрпорт авиэйшен секьюрити" компаниясининг собиқ ижрочи директори Андрей Даниловни ҳибсга олганди. Бундан ташқари, аэропортни бошқарувчи Airport Management Company Limited’нинг Россиядаги ваколотхонасининг собиқ раҳбари Светлана Тришина ҳам ҳибсга олинган.
Жиноий ишнинг барча фигурантлари аэропортда тегишли хавфсизлик даражасини таъминлай олмаганликда гумон қилинмоқдалар. Бунинг оқибатида террорчи-худкуш Магомед Евлоев аэропорт ичига кира олган.
Домодедоводаги теракт 2011 йилда содир этилган. Худкушнинг ўзини портлатиши оқибатида 37 киши ҳалок бўлганди, 170 киши жароҳатланганди.
Дмитрий Каменщик Forbes журнали бўйича Россиянинг энг бадавлат одамлари орасида 27-ўринни эгаллайди.