Ўзбекистон | 19:27 / 19.02.2016
6879
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Украина маҳсулотларига қўшимча импорт йиғими олиш бекор қилинди

Ўзбекистон Украинада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қўшимча импорт йиғимини олишни муддатдан аввал бекор қилди. Бу ҳақдаги қарорни 18 февралда Вазирлар Маҳкамаси чоп этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғимларнинг бекор қилиниши ҳақидаги қарор Украина томонидан 2015 йил 24 декабрда қабул қилинган "Ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қонуни билан шартланган, унда 2016 йил 1 январдан Украина ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотларга қўшимча импорт йиғимининг бекор қилиниши кўзда тутилган.

Украина томонидан бутун импорт учун, қайси давлат бўлишидан қатъи назар, 5-10 фоиз миқдорида қўшимча импорт ҳақи йиғиш 2015 йилнинг 26 февралида 12 ойлик муддатга киритилганди.

Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ва Украина томонидан халқаро келишувлар бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилмаслигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги қонунининг 23-моддаси ва Божхона кодексининг 10-моддасига кўра, 2015 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Украинада ишлаб чиқарилган товарлар импортига нисбатан жавоб чораларини жорий этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинганди. Бу қарор билан 2015 йилнинг 1 июлидан 12 ойлик муддатга Украинада ишлаб чиқарилган товарларни импорт қилишда қўшимча ҳақ йиғишни жорий қилиш кўзда тутилганди.