79 ёшли онасини бўғиб ўлдирган хатирчилик қотилга ҳукм ўқилди
Навоий вилояти прокуратураси тергов материаллар асосида мазкур вилоятда истиқомат қилувчи фуқаронинг ўз онасини ўлдиргани ҳақидаги маълумот “Ҳуқуқ” газетасида чоп этилди.
Нашрнинг ёзишича, 2015 йилнинг 2 август куни икки нафар фарзанднинг отаси бўлган йигит маҳалладаги тўйдан ичиб келиб, жанжал кўтаради. Аввал хотини, кейинчалик тандирхонада бошини ювиб ўтирган онасини кўриб қолиб, унга ташланади. Бечораҳол она эса қочишга уринади. Шайтон йўлдан урган, ғафлат ва иблис шаробига тўйинган ўғил, онасига бир зумда етиб олиб, тепкилашга тушади. Бу пайтда уйда бўлган хотини ва жиянлари бечора онани баъзўр модаркушнинг чангалидан қутқаришади. Аммо ваҳший қотил барибир шаштидан тушмайди. Яна кекса онасини тепкилаб, охири бўғиб ўлдиради.
Аниқланишича, йигит уйланганидан сўнг, буткул ўзгарган. Оилада тез-тез қайнона-келин можаролари бўлиб турган. Шу сабаб она-бола ўртасидаги муносабатларга ҳам дарз кетган. Охир-оқибат беқарор йигит ўз туққан онасини ўлдириб, кечирилмас гуноҳга ботди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2-қисми “в, ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этгани учун қотил 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.