Рамзон Қодиров футболчи Тарасов ўрнига 300 минг евро жаримани тўлаб беришни таклиф қилди
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров "Фенербахче" билан ўйиндан кейин Владимир Путин тасвири туширилган футболкани кийиб олган "Локомотив" футболчиси Дмитрий Тарасов билан боғлиқ можарога ўз муносабатини билдириб, ушбу ҳаракати учун 300 минг евро жаримага тортилган футболчи ўрнига жаримани тўлаб беришни таклиф қилди.
Қодиров бу вазиятга Instagram’даги саҳифасида шарҳ бериб ўтди.
"Шахсан мен учун "Локомотив" яримҳимоячиси Дмитрий Тарасов Россиянинг ҳақиқий ватанпарваридир! Бу унинг ўз президенти ва ватанига нисбатан муносабатини билдиради. У ҳеч қандай сўзлар айтмади, рақиб жамоасини ҳақорат қилишга уринмади. Бу арзимаган нарсани дунё кўламидаги можарога айлантириб юборишди. Сиёсат, ахлоқ меъёрларининг бузилиши ҳақида айтилган гаплар ошириб юборилган. Ҳа, бизда Туркия билан жуда мураккаб муносабатлар вақти бўлмоқда. Бироқ бу доим шундай бўлмайди. Футбол деб сиёсатга аралашишни истамайман. Бироқ сизга ўзимнинг қисқача фикримни айтаман – Туркия Россиясиз яшай олмайди!", деб ёзди Қодиров.
Қодиров, шунингдек, Грознийнинг "Терек" жамоаси Тарасовни "Локо"дан сотиб олишга тайёрлигини ва унинг ўрнига 300 минг евро жаримани тўлаб беришини маълум қилди.
"УЕФА ҳали бирор қарор қабул қилмасдан, қадрдон жамоаси футболчига 300 минг евро жарима ёзиб берди. Мен "Локомотив"нинг бу ҳаракатларини умуман муҳокама қилмоқчи эмасман. Бироқ Дмитрий ҳақиқий эркакларга хос иш қилди! Шунинг учун "Терек" Россиянинг бундай ватанпарварини ўз муаммолари билан бир ўзини қолдирмасликка қарор қилди. "Терек" футболчини унинг жаримаси билан сотиб олишга тайёр", деб ёзди Қодиров.
Қодиров агар Тарасов жамоасини ўзгартиришни истамаса ҳам, унинг "Локомотив" олдидаги жаримасини тўлаб беришга тайёрлигини айтди. У футболчини бошини эгмасликка чақирди ва "Лидер-63" жамоасига таклиф қилди. Қодировнинг айтишича, бу жамоада "энг обрўли ва ҳурматга сазовор одамлар" Владимир Путин расми туширилган футболкаларда тўп сурадилар.