Жаҳон | 07:05 / 22.02.2016
5197
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: Ливия қирғоқлари яқинида бортида ИШИД жангарилари бўлган қайиқ авиазарбаларга учради

Ливия қирғоқлари яқинида, Сарбат шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойда бортида ИШИД жангарилари бўлган қайиқ авиазарбаларга учради. Бу ҳақда "Ал-Арабия" телеканали маълум қилди. Ҳужум ким томонидан берилгани айтилмаган.

19 февралда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган Сарбатдаги ИШИД лагерига зарба берганди. Бунинг оқибатида 50 га яқин одам, жумладан 2015 йил ноябрда жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган Сербиянинг Ливиядаги элчихонасининг 2 ходими ҳам ҳалок бўлган.

Пентагонда бу ҳужумлар ўтказилгани тасдиқланган. Таъкидланишича, бу ҳужумдан мақсад тунислик нуфузли жангарилардан бири, Тунисдаги иккита йирик терактга алоқадор бўлган Нуриддин Шушанни йўқ қилиш бўлган.