Ўзбекистон | 20:22 / 22.02.2016
11054
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати холдинги ташкил этилди

Фаолияти тугатилаётган Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси негизида "Ўзозиқовқатсаноатхолдинг" холдинг компанияси ташкил этилмоқда. Бу ҳақда 22 февралда чоп этилган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қарорида айтилган.

Қарорга кўра, холдинг таркибига озиқ-овқат, ёғ-мой ва гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи акционерлик жамияти ва масъулияти чекланган жамият шаклидаги 176 та корхона киради. Холдинг устав капитали тугатилаётган уюшма таркибига кирган корхоналарнинг устав жамғармаларидаги давлат акциялари пакетини баланс қиймати бўйича берилиши ҳисобига шакллантирилади.

Қарорга кўра, янги холдинг компанияси таркибига аъзо сифатида кўнгилли тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар кириши мумкин.

Холдинг негизида озиқ-овқат саноати корхоналарини ривожлантириш, реконструкция ва модернизациялаш жамғармаси яратилади.