Озода Саидзода унга ким қўшиқ айтишни тақиқлаганини ошкор қилди
Ўзбек эстрада санъатида ўз ўрни ва ўз овозига эга хонанда Озода Саидзода журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида бир йилга қўшиқ айтишни тақиқлаб қўйишгани ҳақида гапирди.
Маълум бўлишича, соғлиғи билан боғлиқ муаммо сабабли шифокорлар унга қўшиқ айтмай туришини маслаҳат берган.“Мендаги касаллик профессионал операчиларда учрайди. Яъни, жонли қўшиқ куйлаганда ортиқча зўриқиш, бор имкониятни ишга солиш керак бўлади, буни ўша вақтда соғлигим кўтармас эди. Шу сабабдан шифокорлар қўшиқ айтишимни тақиқлаб қўйишган эди. Ҳозир ҳаммаси яхши”, дейди хонанда.
Журналистнинг янги имиж борасидаги саволига хонанда “бу одамларни ўзимга қаратиш ёки шунга ўхшаш фикрлардан келиб чиқиб қилинган иш эмас”, дея, бунга саломатлигидаги баъзи жиҳатлар сабаб эканини билдирди.
Манбанинг ёзишича, хонанданинг “Эътироф эт” номли альбоми ёзиб тугалланиш арафасида.