Жаҳон | 20:16 / 24.02.2016
8604
1 дақиқада ўқилади

Эрдўған Россия Туркия каби дўстини йўқотганини айтди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия рус халқининг душмани эмаслигини айтди, деб ёзмоқда Anadolu ахборот агентлиги.

"Биз Россия ва рус халқига душман эмасмиз. Бошқалар Россияга қарши санкциялар киритганда, биз буни қилмаганмиз", деб айтди Эрдўған Анқарадаги президент мажмуасида бўлиб ўтган ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари билан учрашувда.

Эрдўғаннинг айтишича, Россия Туркияни тушунмади. "Россия Туркия каби дўстини йўқотди. Гап бизнинг мустақиллигимиз ҳақида кетганда, биз кимларнингдир инжиқликларига йўл қўймаймиз", деб айтди Эрдўған.

Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар 2015 йилнинг 24 ноябрида Сурия ҳаво ҳудудида Туркия авиацияси томонидан Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилгандан кейин кескинлашганди.

Аввалроқ Россия Туркияга қурол-аслаҳа етказиш бўйича барча шартномаларни бекор қилгани маълум қилинганди.