Жамият | 12:38 / 26.02.2016
30771
5 дақиқада ўқилади

Мисрда умрбод озодликдан маҳрум қилинган 4 ёшлик боланинг иши ҳақида батафсил маълумот берилди

2016 йилнинг ферваль ойи ўртасида Мисрда Аҳмад Мансур Курани Али оммавий тартибсизликлар, қотилликлар ва жаҳолатда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига тортилди. Бир қараганда, бу суд қарори эътиборга моликмасдек туюлади, бироқ бир вазият бўлмаганда: Аҳмад бор-йўғи 4 ёшли болакай. Унинг бўйнига қўйилаётган "жиноят"лар амалга оширилганда у 2 ёшга ҳам тўлмаганди.

Охир-оқибат Миср ҳукумати болага ҳукм нотўғри чиқарилганини тан олди – унинг ўрнига унинг адаши бўлган ўсмир бола қамалиши керак бўлган.

Болакайнинг тарихи ҳақида қолган ОАВдан кўра CNN телеканали кўпроқ маълумот берди, бироқ телеканал берган маълумотлардаги кўпчилик деталлар бошқа манбалардаги маълумотлардан фарқ қилади.

4 ёшли болакай (CNN у 3 ёшда деб таъкидламоқда, бироқ бошқа манбаларда у 4 ёшдалиги айтилган) 16 февралда Миср ҳарбий суди томонидан 2014 йил январда Ал-Файю шаҳридаги тартибсизликларда иштирок этгани учун умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган 116 кишидан бири бўлган. Судда таъкидланишича, Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари бўлган бу маҳбуслар 3 кишини ўлдиришган (бошқа манбаларда 4 ёки 8 киши дейилган) ҳамда давлат мулкига зиён етказганлар.

Ўша вақтда Аҳмад 1 ёшдан сал каттароқ бўлган. Биринчи марта болани ҳибсга олиш учун тартибсизликлардан бир неча кун кейин келишган. Боланинг отаси полицияга гўдак боласини кўрсатганида унинг ўзини ҳибсга олишган.

Боланинг отаси 4 ой ҳибсда ушлаб турилди, кейин эса суд олдида жавоб берди. Суд ҳаками боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини кўриб, бу хато бўлганини тушунган ва эркакни қўйиб юборган. Бу воқеадан кейин боланинг отаси яна ҳибсга олинишидан қўрқиб, 1,5 йил яшириниб юрган.

Бироқ 1,5 йилдан кейин, 2016 йил февралида ҳарбий суд уни эмас, балки кичкина Аҳмадни қамоқ жазосига маҳкум қилди. Суд жараёнида бошқа судланувчиларнинг адвокатлари Аҳмаднинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини терговнинг нотўғри эканлигини кўрсатиш учун намойиш қилишган, чунки айбланувчиларнинг исмлари тартибсизликларнинг эртасигаёқ маълум қилинган. Ишда иштирок этган ҳуқуқшунос Абу Қофнинг айтишича, боладан ташқари айбланувчилар қаторига ўша куни мамлакатда бўлмаган одам ҳам кириб қолган.

Аҳмадга чиқарилган ҳукм бунга ОАВ эътибор қаратгандан кейин ўзгартирилди. Тегишли идоралар ўзининг ноҳақлигини тан олган ва бола ҳам, унинг отаси ҳам ҳибсга олинмаслигига ваъда берган. Аниқланишича, боланинг ўрнига унинг адаши Аҳмад Мансур Курани Шарар қидирилган. У ҳозирда қаердалиги номаълум, шунинг учун унга ҳукм сиртдан чиқарилди. Қидирилаётган Аҳмаднинг ёши 16 да.

Бу воқеадан кейин 4 ёшли Аҳмад ва унинг отаси DreamTV хусусий телеканали эфиридаги кўрсатувда чиқиш қилди. Бола отасининг қўлида ухлаб ётарди, отаси эса ўзининг ҳибсга олиниши ва қамоқда сақланиши ҳақида гапириб берди. Оиланинг адвокати Ид Саид бу "хато" қандай юз берганини айтиб берди: полицияга тартибсизликларда иштирок этган Аҳмад Мансур исмли кимса муайян кўчада яшаши айтилган. Терговда қидирилаётган Аҳмаднинг ёши 16да эканлиги айтилган, бироқ айтилган кўчада бундай исмли фақат биттагина одам, яъни 4 ёшли Аҳмад яшаган.

Кўрсатувга Миср ички ишлар вазири Абу Бакр Абдулкарим телефон қилиб, айбланувчининг исмида хатоликка йўл қўйилгани, бола ва отасига ҳеч ким тегмаслигини айтган. Шунингдек, у полиция томонидан қидирилаётганлар орасида боланинг амакиси борлигини айтган.

Шоуга, шунингдек, боланинг онаси ҳам телефон қилиб, уларнинг уйларига ҳозиргина полициячилар келиб, унинг эри ва боласи қаердалигини суриштиришганини айтган. Боланинг амакиси ҳақида улар ҳеч нарса сўрашмаган. Буни эшитган боланинг отаси "Мен ҳеч нарса қилмадим. Улар менинг боламни олиб қўйишларини айтишди. Ҳеч ким уни олишга ҳаққи йўқ. Тангрим, мени қувватла", деб ҳўнграб йиғлаб юборган.

Бу кўрсатувдан кейин боланинг отаси камералар нигоҳидан қочишни бошлаган. Айтилишича, эркак ўзи хоҳиши билан эмас, балки кимнингдир буйруғи билан шундай қилмоқда.

Мисрда 3 ёшли болакай умрбод қамоқ жазосига тортилди