Ўзбекистон | 15:20 / 28.02.2016
22313
3 дақиқада ўқилади

Ангрен-Поп темир йўл линиясидаги 19 километрлик туннелнинг бурғулаш, ковлаш ишлари якунланди

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, янги йўлларни қуриш орқали транспорт йўлакларини кенгайтириш, ягона миллий темир йўл тизимини шакллантириш тараққиётнинг муҳим ва стратегик йўналишларидан бирига айланган.
Юртбошимиз ташаббуси билан республикамизда бунёд этилган иккита йирик темир йўл магистрали — “Навоий — Учқудуқ — Султонувайстоғ — Нукус” ҳамда “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” линиялари, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг юксалиб бораётганини яққол кўрсатиб турибди.
Сўнгги йилларда темир йўл тармоғида ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар фойдаланишга топширилди ва бугунги кунда ҳам инвестицон лойиҳалар устида ишлар давом этаяпти. Бундай лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилиши республикамиз аҳолиси учун жуда катта аҳамиятга эга.

Ана шундай лойиҳалардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан Ангрендан Попгача қурилаётган электрлаштирилган темирйўл линиясидир.

19 километрлик темир йўл туннелини ўз ичига олган мазкур улкан лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг тажрибали ва малакали темирйўлчилари томонидан Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Бу туннель қурилиши мураккаблиги бўйича жаҳонда биринчи саккизталикдан, узунлиги бўйича 13 таликдан жой олган, МДҲ мамлакатларидаги ягона ноёб қурилиш иншооти ҳисобланади.
Бугун Қамчиқ тунели қурилишида жуда катта тарихий воқеанинг гувоҳи бўлинди. Асосий туннелнинг иккала томонидан бурғулаш, ковлаш ишлари тугатилиб, туташтирилди.
Айни кунда эса пардозлаш ишлари давом этаяпти. Бугунги кунгача туннелнинг 85 фоизида пардозлаш ишлари бажарилди. Ҳа демай тажрибали темирйўлчиларимиз туннелда пўлат излар ётқизиш ва электрлаштириш, коммуникация ишларини ҳам бошлаб юборадилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, узунлиги 123,1 километрдан иборат бўлган мазкур лойиҳанинг туннелдан ташқари 104 километрида барча қурилиш ишлари 2015 йил август ойининг сўнгги кунларида тўлиқ тугатилган эди, деб ёзади “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати.

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Зафар Арслонов туннелнинг очилиш маросимида иштирок этиб, маросимдан олинган суратлар билан ўртоқлашди. Унинг ёзишича, тадбирда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раҳбарияти, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Сунь Лицзе, Наманган вилоят ҳокими Х.Бозоров ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар қатнашган. Меҳмонлар Ангрен-Поп темир йўл линиясида жойлашган ушбу 19 километрлик туннелни бошидан охиригача кесиб ўтишган.