Ўзбекистон | 15:47 / 29.02.2016
20082
2 дақиқада ўқилади

Нукусда пиёдалар ўтиш жойини билдиришнинг оддий усулини ўйлаб топишди

Автомобиллар серқатнов бўлган катта йўлларнинг маълум қисмида пиёдалар ўтиш учун махсус йўлаклар мавжуд. Тўсиқлар билан иккига ажратиладиган йўлларда ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам маълум қийинчиликлар бор. Ўртача тезлик билан ҳаракатланаётган автомобиль эгаси ўтиш йўлакларини узоқдан пайқамаслиги мумкин. Айниқса, машина серқатнов йўлларда. Кутилмаганда йўлнинг қатнов қисмида пиёдаларнинг пайдо бўлиши, бунинг устига светафор ўрнатилмаган бўлса, кутилмаган вазиятни келтириб чиқариши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида бунга оддий ечим топишди. Шаҳар кўчаларида йўлни иккига ажратиб турувчи махсус деворнинг пиёдалар ўтиш жойига яқин қисми ҳайдовчиларга қулай тарзда пасайтирилган. Бу белги яқин масофада пиёдалар ўтиш йўлакчаси борлигини англатади. Буни ёндошувнинг ўзига хос оқилона кўриниши, деб баҳолаш мумкин.

“Аслида, мураккаб саволнинг жавоби оддий бўлади, дейишади. Ҳа, бу ҳикматни нукусликлар яна бир бор тасдиқлашди”, деб ёзади sohil.uz.