Иқтисодиёт | 00:21 / 01.03.2016
5663
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК давлатлари нефть қазиб олиш ҳажмини камайтирди

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) февраль ойи натижаларига кўра нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 280 минг баррелга қисқартирган. Бу ҳақда трейдинг компанияларидаги манбалар ҳамда божхонанинг таҳлил қилинган маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Нефть қазиб олишнинг максимал пасайиши Ироқда кузатилган, бу ерда 17 февралдан Курдистондан нефть қувури бўйича нефть етказиб бериш тўхтади. Қувурнинг қуввати кунига 600 минг баррелга баҳоланади. Агентлик фикрича, қувур март ўрталаригача ишсиз ётади. Шунингдек, Нигерияда Royal Dutch Shell корхонасида авария юз бергани ва нефть оқиб кетгани ҳамда БААда бир нечта конлар техник хизмат кўрсатиш учун ёпилгани сабабли нефть қазиб олиш ҳажми қисқарган.

Бироқ нефть бозори етакчилари Саудия Арабистони ва Эрон нефть ҳажмини камайтирмоқчи эмас. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини январь даражасида, яъни кунига 10,2 млн баррель даражасида қолдирган, Эрон эса февраль натижаларига кўра кунига 200 минг баррель нефть кўпроқ олмоқда.

Reuters ахборот агентлигининг таъкидлашича, Саудия Арабистонида нефть қазиб олиш даражасининг сақланиб қолиши қиролликнинг нефть қазиб олиш ҳажмини январдаги даражада қолдириш бўйича келишув доирасида ҳаракат қилишига тайёрлигидан дарак беради.