Жамият | 20:34 / 01.03.2016
21698
8 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокимияти вакили таксиларга лицензия бериш тартиби ҳақида гапирди

Тошкент шаҳрида тегишли талабларга риоя қилинса ҳамда барча ҳужжат бор бўлса, такси паркида ишлаш учун лицензия икки иш кунида берилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча тури ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти бошлиғининг ўринбосари Фарҳод Мирзаев маълум қилган. Жаҳон АА ушбу мутахассис билан тадбирдан кўзланган мақсад, Тошкентда такси хизмати фаолиятининг бошқа жиҳатлари хусусида суҳбат уюштирди.

— Шуни рўй-рост айтиш керакки, ноқонуний таксичилар мамлакатимиздаги хусусий тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларига зид ҳолда иш юритмоқда. Уларнинг айримлари носоз автомобилларда йўловчилар, яъни сизу биз, яқинларимиз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда ташув хизматларини кўрсатишаяпти.

Ноқонуний такси ҳайдовчилари оддий йўловчи учун бирламчи хавфсизлик кафолатларини таъминламаганлиги учун ҳам лицензияланган (йўналишсиз) ташувчилардан фарқ қилади. Йўналишсиз таксилар ўз фаолиятини амалдаги қонунчиликка биноан олиб боради ва унинг талаблари бузилган тақдирда жавобгарликка тортилади.

Лицензия асосида фаолият юритаётган таксига чиққан йўловчи ўзини хотиржам ҳис қилиши мумкин. Чунки ҳайдовчи гараждан чиқишидан олдин тиббий кўрикдан ўтади. Жумладан, унинг умумий саломатлиги, алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилган-қилмагани текширилади. Сўнг шифокор йўл варақасига штамп қўяди. Шу жойга автомобил транспорти воситаси техник кўрикдан ўтказилгани ҳақида навбатчи механик томонидан белги қўйилади. Машинанинг нафақат созлиги, айни пайтда унинг ташқи кўриниши, санитария ҳолати ҳам текширилади. Бундай иш тутиш хавфсизлик талабларига мувофиқ транспорт хизмати кўрсатишни кафолатлаш имконини беради.

Албатта, йўлдаги эҳтимолий вазиятларни олдиндан айтиб бўлмайди. Аммо ноқонуний киракашлардан фарқли ўлароқ, йўналишсиз таксичилар йўловчи учун жавобгар бўлади. Мижоз машинага ўтиришидан бошлаб, ўз манзилига етгунигача унинг соғлиғи ва ҳаёти 10 минг доллар эквивалентига тенг миқдорда суғурта қилинади. Бу нарсалар багаж ва қимматбаҳо буюмларга ҳам тааллуқлидир. Буюмларнинг йўқолиши ёки уларнинг шикастланиши минг долларгача эквивалент миқдорида суғурта билан қопланишини кўзда тутади.

Лицензия олиш учун нима қилиш керак ва бунинг ҳайдовчи учун қандай афзал жиҳатлари бор?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро, халқаро йўналишларда тижорат асосида ташиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан бажарилади.

Жисмоний шахслар шаҳардаги мавжуд такси паркларига мурожаат қилиши ҳамда улар билан шартнома имзолаши керак бўлади. Шундан сўнг лицензиялаш жараёни бошланади. Ҳукумат қарорига кўра, давлат божи ундирилади. Шаҳарда ҳаракатланадиган тўрт ўриндиқли оддий енгил автомобиль учун йиллик давлат божи тўлови миқдори 75 доллар эквивалентига тенг. Тўлов Марказий банкнинг ўша кундаги курси бўйича миллий валютада амалга оширилади.

Шуни айтиш керакки, лицензия ижарага олинган автомобилларга ҳам берилади. Транспорт воситаси ташқи ва ички маълумотларга эга бўлган ягона танитадиган белгилар билан жиҳозланиши керак. Ташқи белгилар гуруҳига автотранспорт воситасининг тепасига қўйилган тўқ сариқ рангли фонарга “ТАХИ” танитувчи белгисини ўрнатиш, шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги “Т” ҳарфлари, автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги юридик шахс — ташувчининг номи, махсус сериядаги давлат рақами белгиси киради. Тошкент шаҳрида йўналишсиз таксилар сифатида ишлашга “фил суяги” рангидаги автотранспорт воситалари қўйилади. Йўналишсиз таксиларни ички маълумотлар билан таъминлаш қуйидагиларни ўз ичига олади: олд ойнанинг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи, таксометр (ҳисоблагич), радиоалоқа воситаси, автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ҳамда тугаши, йўлкира қиймати, ташувчининг манзили ва телефон рақами, лицензия ҳамда суғурта ҳақида манбалар акс этган маълумотлар табличкаси.

Керакли атрибутларни харид қилиш харажатлари такси парклари томонидан қопланади, машинани белгиланган рангга бўяш эса автотранспорт воситаси эгаси томонидан амалга оширилади. Лекин кўп ҳолларда ташиш хизматини кўрсатадиган компаниялар ҳайдовчига қулай бўлиши учун ушбу харажатларни ҳам ўз зиммасига олади. Ҳайдовчи эса ҳайдовчилик гувоҳномасида “В” рухсат белгиси мавжуд, 21 ёшга тўлган, камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга бўлиши лозим. Тегишли талабларга риоя қилинса ҳамда барча ҳужжат бор бўлса, такси паркида ишлаш учун лицензия икки иш кунида берилади.

Ҳайдовчи ўз фаолиятида қонунийликка риоя қилса, бунинг афзалликлари ва устун жиҳатларини яққол англайди. Аввало, лицензиясиз автомобил транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган жарималардан қутилиб қолади. Бу жарималар фуқаролар учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса 50 бараваридан 150 бараваригача миқдорда белгиланган. Такси ҳайдовчиси меҳнат қонунчилигига биноан ишга жойлашади. Демак, унга стаж ҳисобланади, ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади, хаста бўлган ҳолатларда эса маоши касаллик варақаси асосида қопланади. Бундан ташқари, такси парки меҳнат шартномасига мувофиқ автомобилни технологик ишлар режасига киритади. Албатта, техник хизмат кўрсатилади.

Йўналишсиз такси ва ноқонуний киракашлар ўртасида яна бир фарқ бор. У ҳам бўлса йўлкира ҳақида...

— Албатта, қонуний фаолиятнинг харажатлари ноқонуний киракашлар билан таққослаганда кўпроқ. Бу автомобиль парки бутунлигини таъминлаш, корхона меҳнат жамоасига маош тўлаш, шунингдек, солиқлар, пенсия жамғармасига ўтказмалар ва бошқа харажатлар билан бевосита боғлиқдир. Ноқонуний киракаш юқорида қайд этилганларнинг бирортасига чиқим қилмайди. Боз устига, мавжуд нархларни демпинг усулини қўллаб кескин тушириб юборади, носоғлом рақобат муҳитини яратади. Афсуски, бундай одамлар келажакда ҳалол фуқароларнинг ҳисобидан пенсия ва бошқа ижтимоий ёрдамларни олишга умид қилади. Улар аксарият йўналишсиз таксилар фойдаланаётган ГПС қурилмалар, навигаторларга харажат қилишмайди. Бу техника воситалари мақбул йўналишни танлаш ва янада қулай хизмат кўрсатиш учун жуда ҳам зарурдир. Аксарият такси хизматлари ишга қабул қилишда ҳайдовчиликка номзодларни танлов асосида ёллашга ҳаракат қилади, уларнинг манзилни нечоғли билиши текширилади. Бу борада ноқонуний киракашлар етарлича билим ҳамда кўникмага эга, дея олиш жуда мушкул. Шунинг учун ҳам профессионал ҳайдовчи ўз меҳнати учун бирмунча кўпроқ ҳақ олиши табиий.

Аммо йўналишсиз таксилар учун ҳам қатъий белгиланган ҳақ ўрнатилади. Молия вазирлигининг қарори асосида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳар бир километр учун энг юқори ҳақ миқдори мунтазам белгилаб борилади. Бугунги кунда, мисол учун, у “эконом-класс” автомобилларида ҳар бир километр учун 500 сўмни, “бизнес-класс” учун 800 сўмни ташкил қилади.

Маълум бир манзил бўйича ҳақ миқдорини диспетчерга буюртма берилаётган пайтдаёқ аниқлаштириб олган маъқул. Рақобат муҳити шаклланган бугунги бозор шароитида бу нарх у даражада қиммат эмас.